Дубайда туризмни тиклаш ва барқарор ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Дубай шаҳрида Arabian Travel Market (ATM 2026) халқаро кўргазмаси доирасида “Ҳамкорлик орқали барқарор туризм индустриясини шакллантириш” мавзусида юқори даражадаги вазирлар мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов иштирок этди.
Тадбирда БМТ Туризм ташкилоти Бош котиби Шайха Ал Нувайс, Европа Комиссиясининг барқарор транспорт ва туризм бўйича комиссари Апостолос Цицикостас, БАА Иқтисодиёт ва туризм вазири Абдулла бин Туқ Ал Маррий, Баҳрайн Туризм вазири Фотима бинт Жаъфар Ал Сайрафий ҳамда бошқа юқори даражадаги расмийлар қатнашди.
Ўзбекистон делегациясининг мазкур мулоқотдаги иштироки, аввало, Кўрфаз давлатларининг мураккаб ташқи шароитларда туризмни тиклаш борасидаги тажрибасини ўрганиш, минтақада туризмни ривожлантиришнинг кейинги тенденцияларини баҳолаш, шунингдек, ушбу давлатлардан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.
Йиғилиш аввалида БАА Иқтисодиёт ва туризм вазири Абдулла бин Туқ Ал Маррий Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар туризм соҳасига бевосита таъсир кўрсатганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ҳозирги шароитда катта натижалар ёки юқори кўрсаткичлар ҳақида гапириш ўринли эмас. Шу билан бирга, айнан мазкур мулоқотдан бошлаб туризмни қайта фаоллаштириш, соҳани янада жадал ривожлантириш, халқаро сайёҳлар учун очиқликни кенгайтириш ҳамда хавфсизликнинг юқори даражасини таъминлаш бўйича ишлар кучайтирилиши билдирилди.
Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Ўзбекистон халқаро туризм бозорида жадал ривожланаётган истиқболли туристик йўналиш сифатида янги имкониятларни таклиф этаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё ягона туристик минтақа сифатида тарғиб қилинаётгани, трансчегаравий туристик йўналишларни ривожлантириш ва барча соҳаларда ҳамкорликни янада жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
БМТ Туризм ташкилоти Бош котиби Шайха Ал Нувайс ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда ишлаш туризм соҳасини барқарор ривожлантиришнинг асосий мезони эканини алоҳида таъкидлади. У Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари, хусусан, Хавфсиз туризм кодекси бўйича ташаббуслари бошқа давлатлар учун ҳам амалий намуна бўлиши мумкинлигини айтди.
Шайха Ал Нувайс, шунингдек, 2027 йил — “Барқарор ва яшовчан туризм халқаро йили”нинг расмий очилиш маросими Тошкент шаҳрида ўтказилишига алоҳида тўхталиб, тадбир иштирокчиларини мазкур маросимда қатнашиш учун Ўзбекистонга таклиф қилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА