Дўстлигимиз абадий бўлсин
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита биносида “Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг дўстлиги, ҳамкорлиги абадий бўлсин” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирнинг асосий мақсади – Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасида асрлар давомида шаклланган дўстлик, яхши қўшничилик ва қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, халқларимизнинг муштарак тарихий ва маънавий қадриятларини кенг тарғиб этишдан иборат.
Давра суҳбатида Миллатлараро муносабатлар қўмитаси масъуллари, “Ўзбекистон ва Қирғизистон” дўстлик жамияти, Ўзбекистон қирғиз миллий маданий марказ фаоллари, зиёлилар, ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг тарихий илдизлари, бугунги стратегик шериклик ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида ривожланиб бораётган ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ҳақида фикр алмашилди.
Шунингдек, икки халқни бирлаштириб турувчи умумий тарих, тил, маданият, урф-одат ва анъаналар, миллий қадриятларнинг муштарак жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг тинчлик, тотувлик ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлари Марказий Осиёда барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири экани таъкидланди.
[gallery-30965]
Давра суҳбатида Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув яшаши, уларнинг миллий маданияти, тили ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Тадбир доирасида қирғиз халқининг миллий маданияти ва санъатига оид чиқишлар, ижодий намойишлар ҳамда дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этувчи бадиий дастур ҳам тақдим этилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат тамойиллари асосида янги босқичга кўтарилмоқда. Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланиши эса ушбу эзгу жараённинг муҳим таянчларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган мазкур давра суҳбати ҳам мамлакатимизда тинчлик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва яхши қўшничилик қадриятларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (суратлар),
ЎзА