Доривор ўсимликлар: даладан Европа бозоригача бўлган йўл
Қишлоқ хўжалигида юқори даромадли ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган экин турларини кўпайтириш бугун оддий маҳсулот етиштиришдан кўра кенгроқ иқтисодий аҳамият касб этмоқда. Айниқса, доривор ўсимликлар етиштириш қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва ердан самарали фойдаланишнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Чим маҳалласида фаолият юритаётган “BBU-Azamat” МЧЖ мисолида бу жараённи яққол кўриш мумкин.
Етти йилдан буён фаолият юритаётган корхона ихтиёрида 180 гектар ер майдони мавжуд. Хўжалик шу пайтгача асосан гулхайри ва ширинмия каби доривор ўсимликларни етиштириб, уларни қуритилган ҳолда хорижга экспорт қилиб келган. Сўнгги йилларда эса корхона бу йўналишни яна бир турдаги доривор ўсимлик – жасмин чойи етиштириш ҳисобига кенгайтирмоқда.
Қизиғи шундаки, янги экин дастлаб катта майдонда эмас, тажриба тариқасида синовдан ўтказилган. Биринчи йили бир гектар майдонда экиб кўрилган жасмин чойи кейинги мавсумда 3-4 гектарга етказилди. Олинган натижа эса корхонани бу экиннинг саноат миқёсидаги плантациясини яратишга ундади. Жорий йилда 63 гектар майдонда жасмин чойи етиштирилмоқда.
– Дастлаб бу ўсимликни кичик майдонда синаб кўрдик. Самарасини кўрганимиздан кейин майдонни босқичма-босқич кенгайтирдик. Бу йил эса 63 гектар майдонда плантация ташкил этдик, – дейди “BBU-Azamat” МЧЖ раҳбари ўринбосари Дўстмурод Чориев.
Бу тажриба янги экин турини жорий этишда босқичма-босқич ёндашув муҳимлигини кўрсатади. Аввало, бозор ва етиштириш технологияси амалиётда синовдан ўтказилади. Самара тасдиқланганидан кейингина ишлаб чиқариш ҳажми оширилади.
[gallery-31810]
Корхонада жасмин чойини етиштириш ҳам муайян технология асосида йўлга қўйилган. Ўсимлик эрта баҳорда кўчат қилиб экилади. Дастлаб кўчатлар парваришланиб, кейин далага кўчирилади. Ўтқазилгандан 70-80 кун ўтиб барг чиқара бошлайди. Ёз ўрталаридан биринчи ўрим, сентябрь бошларида эса иккинчи ўрим амалга оширилади.
Жорий мавсумда 63 гектар майдондан 150 тоннадан зиёд маҳсулот олиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар қарийб 100 тонна, аниқроғи 96 тонна ҳосил тайёрланган.
Ҳосилни йиғишда ҳам маҳсулот сифатини сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўсимлик асосан қўлда ўрилади. Бу усул маҳсулотнинг йўқотилишини камайтириш имконини беради. Ўримдан кейин эса ҳосил дала шароитида қуёшда қуритилади. Намлик юқори бўлган ҳолларда маҳсулот қуруқ жойга олиб чиқилиб, 3-4 кун давомида қуритилади.
– Маҳсулотни асосан қўлда ўрамиз. Чунки шу тарзда ўрилганда йўқотиш камаяди ва маҳсулотни сифатли ҳолда тайёрлаш имкони бўлади. Қуритилгандан кейин баргини қоқиб, бирламчи қайта ишлаймиз, – дейди Дўстмурод Чориев.
Шу тариқа, далада етиштирилган ўсимлик оддий хомашё сифатида эмас, балки бирламчи қайта ишланган, қуритилган маҳсулот кўринишида ташқи бозорга чиқарилади.
Бунинг ўзи қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг экспортдаги рақобатбардошлиги масаласини кун тартибига олиб чиқади. Чунки бугун ташқи бозорда фақат маҳсулот миқдори эмас, унинг сифати, етиштириш технологияси ва экологик тозалиги ҳам муҳим.
“BBU-Azamat” МЧЖ маҳсулотининг асосий харидорлари Европа давлатларидир. Маҳаллий бозорда ушбу маҳсулотга талаб юқори эмас. Европа бозорларида эса жасмин чойи хомашёсидан фармацевтика йўналишида фойдаланилади.
Маҳсулотнинг рақобатбардошлигини таъминлаётган яна бир жиҳат – уни етиштиришда кимёвий препаратлардан фойдаланилмаслигидир. Корхонада асосан маҳаллий ўғитлардан фойдаланилади. Бу эса табиий ва экологик тоза маҳсулотга талаб юқори бўлган ташқи бозор учун муҳим устунлик.
– Маҳсулотимиз табиийлиги билан ҳам харидоргир. Уни етиштиришда кимёвий препаратлардан фойдаланмаймиз. Шу боис Европа бозорларида ҳам маҳсулотимизга талаб бор. Ҳозир асосан хомашё етказиб беряпмиз, келажакда эса ўзимизда қайта ишлашни йўлга қўйиш ниятимиз бор, – дейди Д.Чориев.
Аслида, масаланинг энг муҳим иқтисодий жиҳати ҳам шунда. Ҳозир корхона асосан хомашё етказиб бермоқда. Яъни маҳсулотнинг кейинги қайта ишлаш босқичлари хорижда амалга оширилади ва қўшимча қийматнинг муайян қисми ҳам ўша ерда яратилади. Корхонанинг келгусида ўз ҳудудида қайта ишлашни йўлга қўйиш нияти шу нуқтаи назардан муҳим.
Агар бу режа амалга ошса, 63 гектар майдонда етиштирилаётган маҳсулот фақат қуритилган хомашё сифатида эмас, балки юқорироқ қўшилган қийматга эга тайёр ёки ярим тайёр маҳсулот сифатида ташқи бозорга чиқарилиши мумкин. Бу эса экспорт тушумини ошириш билан бирга, ҳудудда қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қиймат занжирини узайтириш имконини беради.
Қамашидаги ушбу тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ердан самарали фойдаланишни фақат ҳосилдорлик билан ўлчаш етарли эмас. Муайян ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос, ташқи бозорда талаб юқори бўлган ва қайта ишлаш имконияти мавжуд экин турларини танлаш ҳам муҳим.
Кеча бир гектарда синовдан ўтказилган экиннинг бугун 63 гектарлик плантацияга айланиши бозор талаби, тадбиркорлик ташаббуси ва қишлоқ хўжалигида янги йўналишларни синаб кўриш самарасининг бир кўриниши.
Энг муҳими, бу тажрибада ердан маҳсулот олиш билан бирга уни ташқи бозорга олиб чиқиш механизми ҳам шаклланмоқда. Энди асосий вазифа етиштириш ҳажмини ошириш билан бир қаторда, уни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш. Ана шунда Қамаши далаларида етиштирилган доривор ўсимлик нафақат Европа фармацевтика саноати учун хомашё, балки юқори қўшилган қийматли экспорт маҳсулотига айланиши мумкин.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари