"Долзарб 60 кун": "Фавворалар шоуси" болаларга қувонч улашди
Пойтахтимизда ФВВ академияси ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Долзарб 60 кун" профилактик тадбирлари доирасида Янгиҳаёт тумани аҳолиси иштирокида "Фавворалар шоуси" бўлиб ўтди.
Тадбир давомида маҳалла аҳолиси, ота-оналар ва болалар ўртасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш, зилзила содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш тартиби юзасидан маълумотлар берилди.

Шунингдек, жазирама иссиқ шароитида эҳтиёт чораларини кўриш, тақиқланган ва назоратсиз сув ҳавзаларида чўмилмаслик ҳамда сувда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш юзасидан кенг қамровли профилактик тарғибот ишлари олиб борилди.

Мутахассислар томонидан иштирокчиларга амалий тавсиялар берилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди. Тадбир давомида хавфсизлик қоидаларига риоя этишнинг инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашдаги муҳим аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Болаларнинг қувончга тўла чеҳралари, ота-оналар ва маҳалла аҳолисининг самимий миннатдорлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси томонидан амалга оширилаётган бундай тадбирлар халқимизнинг кайфиятини кўтариш билан бир қаторда уларнинг хавфсизлик маданиятини оширишга хизмат қилаётганини яна бир бор намоён этди.
Г.Бобоева, ЎзА