Диний-маърифий соҳада замонавий бошқарув: янги авлод мутахассислари тайёрланмоқда
Жамиятда маънавий-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг диний-маърифий билимларини ошириш, ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш ҳамда уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асрашда замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали кадрларнинг ўрни муҳим.
Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган ахборот маконида диний-маърифий соҳани замонавий бошқарув усуллари асосида ташкил этиш, соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг касбий ва бошқарув салоҳиятини юксалтириш долзарб вазифалардан биридир.

Жорий йил 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг “Диний-маърифий соҳа менежменти” магистратура мутахассислигига қабул қилиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Мазкур қарор асосида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида 2026/2027-ўқув йили учун “Диний-маърифий соҳа менежменти” магистратура мутахассислигига қабул доирасида суҳбат-имтиҳонлар ўтказилди.

– Ушбу мутахассислик бўйича жами 36 нафар талабгор ҳужжат топширган бўлиб, суҳбат-имтиҳонларни белгиланган тартиб ва мезонлар асосида ўтказиш мақсадида академияда зарур ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди, - деди қабул комиссияси масъул котиби Ашурали Абдурашидов. – Суҳбатни ўтказувчи Махсус комиссия аъзоларига имтиҳон жараёнининг тартиби, баҳолаш мезонлари ва талабгорларга қўйиладиган талаблар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.

Суҳбат жараёнида талабгорларнинг диний-маърифий соҳадаги билим ва тасаввурлари билан бир қаторда ҳуқуқий саводхонлиги, бошқарув ва лидерлик қобилиятлари, жамоа билан ишлаш кўникмалари, стратегик ва таҳлилий фикрлаши, ташаббускорлиги, инновацион ёндашуви ҳамда нотиқлик маҳорати белгиланган мезонлар асосида баҳоланди.
“Диний-маърифий соҳа менежменти” магистратура мутахассислигининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда соҳавий билимлар билан бир қаторда замонавий менежмент, бошқарув, стратегик режалаштириш, таҳлилий фикрлаш ва жамоа билан самарали ишлаш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу нуқтаи назардан, магистратурага қабул доирасида ўтказилган суҳбат-имтиҳонлар талабгорларнинг билим ва салоҳиятини комплекс баҳолаш, уларнинг касбий ва бошқарув қобилиятларини аниқлашга хизмат қилди.
Мазкур мутахассислик бўйича таҳсил оладиган магистрантларда диний-маърифий соҳада замонавий бошқарув ёндашувларини қўллаш, самарали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жамоалар фаолиятини мувофиқлаштириш, стратегик қарорлар қабул қилиш ҳамда соҳадаги долзарб масалаларга таҳлилий ёндашиш каби кўникмаларни шакллантириш кўзда тутилган.
Н.Усмонова, ЎзА