Депутатлар фаоллигини ошириш устувор вазифа
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров раҳбарлигидаги Парламент комиссияси Навоий вилоятида бўлди.
Қизилтепа тумани ҳокимлигида “Бугунги кун депутати: партия ташкилотлари ва депутатлар олдида турган долзарб масалалар” мавзусида бўлиб ўтган учрашувда ЎзМТДПнинг вилоят ва туман Кенгашлари ходимлари, депутатлар қатнашди.
– Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада тегишли ҳужжатлар қабул қилинмоқда, – деди А.Қодиров. – Энди уларнинг ижросини таъминлаш ҳам алоҳида масъулият талаб қилади. Бироқ айрим одамлар орасида учраётган боқимандалик кайфияти, тобора кучайиб бораётган шикоятбозлик, қаноатсизлик ҳолатларини қандай бартараф этиш мумкин? Шунинг учун ҳам ушбу соҳадаги муаммоларни тизимли ҳал қилиш мақсадида жойлардаги Халқ қабулхоналарини суд тизимига ўтказиш ҳақида таклиф киритяпмиз. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз фаолиятини ҳам янада жонлантиришимиз лозим.

Учрашув давомида таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги ахборот хуружларига қарши туриш ҳақида ҳам батафсил тўхтаб ўтилди. “Олдимизда муҳим сиёсий жараён турибди. Биз унга пухта ҳозирлик кўряпмиз. Интернет ҳам оммавий ахборот майдони ҳисобланади. Ҳозирданоқ бу майдонда турли қарама-қарши фикрлар билдирилмоқда. Биз ҳам ўз муносабатимизни билдирайлик. Мен депутатларимизни янда ҳушёр ва огоҳ бўлишга, фаолликка чақираман. Ахборот хуружлари ортида 4 та блогер эмас, балки манфаатдор кучлар борлигини унутмаслигимиз зарур”, деб таъкидлади Алишер Қодиров.

Учрашувда Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати Машҳура Каримова ҳудуддаги касб-ҳунар таълими мактабларига амалий кўмак бериш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчиларга билим даргоҳига бориб-келиши учун автобус ажратиш юзасидан таклифларини билдирди.
Комиссия Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмасида ўрганишлар олиб борди. Бу ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишув асносида шифокорлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида бугун юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз борди.
Тиббиёт, фармацевтика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, соғлиқни сақлашда тиббий профилактиканинг ўрнини ошириб бориш, шунингдек, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш зарурияти хусусида сўз борди. Бундан ташқари, тиббиётнинг бирламчи-профилактика тизимини янада ривожлантириш, ушбу соҳада фаолият кўрсатадиган ходимларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳам муҳим экани қайд этилди.

Тадбирда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Эркин Юсупов таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, тиббиёт бирлашмаси моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида замонавий тиббий ускуналар, жумладан, рақамли рентгенография, магнит резонансли томография олинишида амалий ёрдам зарурлигини билдирди.
Бундан ташқари, Қизилтепа туманидан халқаро аҳамиятга эга М-37 магистраль трассаси ва темир йўл ўтганлиги туфайли ҳар хил автоҳалокатларнинг кўп бўлишини инобатга олиб шошилинч тиббий ёрдам бўлимини 30 ўриндан 50 ўринга етказиш, оилавий поликлиника, оилавий шифокорлик пунктларидаги маънан эскирган ускуна ва жиҳозларни янгисига алмаштириш, муқобиллаштиришга тушган “Олмазор”, “Ғамхўр”, “Маҳалла”, “Маликобод”, “Бободўғи”, “Ревартун”, “Ўзбекистон”, “Арабхона”, “Азизобод”, “Хушарти” қишлоқ врачлик пунктларини қайта тиклаш, туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси Қизилтепа филиали мақомини оилавий поликлиникага ўзгартириш масалаларида ҳам кўмак берилишини сўради.
Партия раиси ушбу таклифлар босқичма-босқич ўрганилиб, тегишли хулосалар асосида ижро учун кўриб чиқилишини билдирди.
Ўрганишлар давомида Навоий давлат педагогика институти фаолияти билан ҳам танишилди.
Партия раиси олий таълим муассасаси талабаларининг таълим, спорт ва санъат соҳасида эришаётган ютуқлари ва ижод намуналари билан танишди. Ёшларнинг орзу-умидлари, келажак режалари билан қизиқди. Беш муҳим ташаббус доирасида институтда амалга оширилаётган ишлардан хабардор бўлди.
Парламент комиссияси аъзолари Навоий давлат педагогика институтида ташкил этилган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ташриф буюрди.
Ватанимиз мустақиллиги ва озодлиги йўлида жонини фидо қилган, бугунги ёруғ кунларни кўролмай кетган миллатпарвар аждодларимиз хотирасига кўрсатилган юксак ҳурмат-эҳтиром намунаси сифатида очилган музейда бўлган ҳар бир киши Истиқлолга, тинч ва осуда замонга шукрона айтади.
Парламент комиссияси аъзолари Навоий шаҳридаги замонавий таълим масканларидан бири – Беруний номидаги давлат-хусусий шерикчилик мактабида бўлди.
Энг илғор педагогик технологиялар асосида таълим бериладиган ушбу масканда ўқувчиларнинг билим олиши, яшаши, овқатланиши ва дарсдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун барча қулайликлар муҳайё этилган. Синф хоналари сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ жиҳозланган. Турли спорт, хорижий тилларни мукаммал ўқитиш мақсадида ташкил этилган тўгараклар эса болаларнинг зеҳни ва ақлий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўрганишлар давомида бу ердаги янгича тизим – замонавий ўқитиш методикасини тажриба сифатида республика миқёсида оммалаштириш, шу мақсадда Халқ таълими вазирлиги, таълим сифатига масъул ташкилотларни жалб қилиб, семинар ташкил этиш, келажакда давлат-хусусий шерикчилик мактабларини янада такомиллаштириш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Бугунги кунда таълимга қанча кўп инвестиция киритилса, натижа ҳам шунча юқори бўлиши, келажакка йўналтирилган сармоя албатта, тўрт-беш ҳисса бўлиб қайтиши таъкидланди.
Билдирилган таклиф ва ташаббуслар Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида яна бир бор муҳокама этилиб, айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга асос бўлиши шубҳасиз.
Абдували Бўриев,
ЎзА