Депутат ёшлар билан учрашди
Янгиер шаҳар 1-сон техникумида "Халқ билан бирга" умуммиллий дастури доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимованинг ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида мавжуд муаммолар, таклиф ва ташаббуслар тингланиб, уларнинг ечимига қаратилган масалаларга эътибор қаратилди.
Мулоқотда дуал таълимнинг афзалликлари, касб эгаллаш билан бирга амалий кўникмаларни шакллантириш, иш берувчилар талабига мос кадрлар тайёрлаш ҳамда ёшларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда техникумда 17 нафар ёш немис тили бўйича сертификатга эга бўлиб, Германияда қонуний меҳнат фаолиятини бошлаган. Бу эса ёшларга касбий таълим бериш билан бир қаторда хорижий тилларни ўргатиш ва уларнинг халқаро меҳнат бозорига чиқиши учун яратилаётган имкониятларнинг амалий самарасидир.
Техникумда Миграция агентлиги вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда немис тили ўқув курслари ташкил этилган. Ушбу курслар ёшларнинг хорижий тил бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, хорижда қонуний меҳнат фаолиятини бошлаш учун зарур тайёргарликдан ўтишларига хизмат қилмоқда.
Таълим муассасасида айни пайтда «Металлга қайта ишлов бериш», «Мебель дизайнери», «Мода ва тикув ишлаб чиқариш технологияси» йўналишлари бўйича ўрта бўғин мутахассислар тайёрланмоқда. Мазкур йўналишлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни эгаллаш учун ёшларга кенг имконият яратмоқда.

Таълим жараёнини амалиёт билан боғлаш мақсадида техникумнинг шаҳардаги «ECO VOD» мебель заводи ҳамда «Элегант» йирик тикувчилик фабрикаси билан ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Дуал таълим шаклида ташкил этилган ушбу тизим орқали талабалар назарий билимларини корхоналардаги амалий машғулотлар билан уйғунлаштириб, танлаган касби бўйича тажриба орттирмоқда.

Очиқ мулоқотда депутат Гавҳар Олимова ёшларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва келажакда муносиб иш ўрнига эга бўлиши мамлакат тараққиёти билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади. Шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва кўтарилаётган муаммоларга амалий ечим топиш муҳимлиги қайд этилди.
— Бугунги учрашув биз, ёшлар учун жуда мазмунли ўтди. Техникумимизда замонавий касбларни эгаллаш учун яратилаётган имкониятлар, айниқса, дуал таълим тизими менга жуда маъқул. Ўқиш билан бирга ишлаб, ўз соҳам бўйича амалий тажриба орттириш имкониятига эга бўляпмиз. Келажакда олган билим ва кўникмаларим орқали яхши мутахассис бўлиб, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман, — дейди техникум талабаси Нигора Мўминова.

Учрашув якунида ёшларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Билдирилган фикрлар асосида уларни замонавий касбларга ўқитиш, амалий кўникмаларини ошириш, бандлигини таъминлаш ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли масалалар муҳокама қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири