Деновлик марафончилар йўлга чиқди
Денов туманида умумтаълим мактабларининг бир гуруҳ жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг “Конституция меники, сеники, бизники. Конституция ўзимизники” шиори остида ташкил этган аралаш босиб ўтиш югуриш марафонига старт берилди.
Денов-Термиз йўналишида йўлга чиққан аралаш босиб ўтиш марафони иштирокчилари 146 километр масофада ҳаракатланиб, эртага Термиз шаҳрига келади. Белгиланган манзилгача Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманлари марказларидан югуриб, йирик аҳоли пунктларидан ташқаридаги йўлларни пиёда юриб, босиб ўтади.


Шу муносабат билан Денов туманида бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат ва спорт фахрийлари, ёшлар иштирок этди.
Тантанали тадбирда Денов тумани ҳокими И.Аброров ва бошқалар янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг юртимиз тараққиёти ва кўп миллатли халқимиз фаровонлигини таъминлашдаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритди. Соғлом турмуш тарзининг соғлом ҳаёт кечиришдаги аҳамияти тўғрисида фикр алмашилди. Барчани Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумда фаол қатнашишга чақирди.


– Янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасида таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилганидан суюниб, мазкур марафонни уюштирдик, – дейди Денов тумани халқ таълими бўлими методисти, спортчилар йўлбошчиси Фахриддин Худойбердиев.– Биз Денов–Термиз йўналиши бўйича 146 километр масофани 28 соатда тўхтавсиз босиб ўтиб, мамлакат рекордини ўрнатишни мақсад қилганмиз. Йўл-йўлакай шунингдек, соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришни ҳам тарғиб қиламиз.


Айни пайтда марафон қатнашчилари Шўрчи тумани ҳудудида Сурхондарё вилояти маркази тарафга тўхтовсиз ҳаракатланмоқда. Марафон иштирокчилари эртага Термиз шаҳрида тантанали кутиб олинади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА