Демографик сиёсатни амалга ошириш ва инсон капиталини мустаҳкамлашда халқаро алоқалар кенгаймоқда
Дунёда демографик сиёсатни амалга ошириш учун таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш, миграция, гендер тенглик, шаҳарсозлик ва самарали молиялаштириш соҳалари ўртасида мувофиқликни таъминлаш муҳим саналади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамда Шимолий Македония ҳукумати ҳамкорлигида мазкур давлат пойтахти Скопе шаҳрида демографик барқарорлик бўйича II Минтақавий вазирлар конференция ташкил этилди.
“Ўзгаришларга етакчилик: демографик барқарорлик йўлида инсонга йўналтирилган ёндашувлар” мавзусидаги конференцияда 30 дан ортиқ мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда етакчи экспертлар иштирок этди.
Жумладан, Шимолий Македония давлати раҳбарлари – Президент Гордана Силяновска-Давкова, Бош вазир Христиан Митскоски ҳамда Парламент Раиси Африм Гаши демографик барқарорлик бўйича II Минтақавий вазирлар конференцияси очилиш маросимида нутқ сўзлади. Муҳокамалар жараёнида иштирокчилар, жумладан, Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков билан мулоқотда бўлди.

Унда Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларидаги демографик ўзгаришларни самарали бошқаришга қаратилган ёндашувларни ишлаб чиқиш, шунингдек, демографик хавф-хатарларга нисбатан инсон ҳуқуқлари ва таҳлилий маълумотларга таянган комплекс сиёсатни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Конференция доирасида минтақадаги асосий демографик масалалар, хусусан, туғилиш даражасининг пасайиши, миграция жараёнлари ва аҳолининг қариши, шунингдек, меҳнат бозорлари, ижтимоий ҳимоя тизимлари, давлат хизматлари ҳамда мавжуд инфратузилмага тушаётган юклама кўриб чиқилди. Ўз ўрнида, Марказий Осиёнинг демографик салоҳияти юқори баҳоланиб, минтақа давлатларида меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 2050 йилга бориб 71 миллион нафарга етиши прогноз қилинаётгани қайд этилди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Европа Иттифоқи кўмагида ташкил этилган “Демографик тенденциялар ва давлат сиёсати: таҳдидлардан барқарорликка” мавзусидаги вазирлар панель муҳокамасида маъруза қилди.
У ўз нутқида Ўзбекистонда демографик барқарорлик масаласи узоқ муддатли миллий тараққиётнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида қаралаётганини таъкидлади. Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг демографик жараёнларни иқтисодий тараққиёт, инсон капиталини ривожлантириш, урбанизация, миграцияни тартибга солиш ҳамда экологик барқарорлик билан уйғунлаштирувчи муҳим стратегик ҳужжат сифатидаги аҳамиятига алоҳида урғу берилди.
Таҳлил ва ишончли маълумотларга асосланган ёндашувларни кенг жорий этиш, хусусан, 2050 йилгача бўлган миллий ва минтақавий демографик прогнозларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, сўнгги 30 йилдан зиёд вақт мобайнида илк бор аҳолини рўйхатга олиш жараёнига тайёргарлик кўриш муҳим экани таъкидланди.
Демографик барқарорлик бўйича II Минтақавий вазирлар конференцияси доирасида қатор учрашувлар ўтказилиб, халқаро ҳамкорларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ва уни амалга ошириш жараёнида экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларининг иштироки ҳақида маълумот берилди.
Бунда Ўзбекистоннинг инклюзив ва маълумотларга асосланган демографик сиёсатни амалга ошириш, инсон капиталини мустаҳкамлаш мақсадида UNFPA ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтиришга тайёр экани қайд этилди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА