Деградацияга учраётган яйловлар: глобал муаммо ва миллий ечимлар
Ҳар йили 17 июнь санаси дунё бўйлаб Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни сифатида нишонланади.
Ушбу сана табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ерлар деградациясининг олдини олиш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида барқарор ривожланиш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишга хизмат қилади.
Жорий йил мазкур кун “Яйловлар: эътироф этинг. Қадрланг. Тикланг” шиори остида ўтказилмоқда. Бу эса дунёдаги энг катта, аммо энг кам эътибор қаратиладиган экотизимлардан бири бўлган яйловларнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этмоқда.
Яйловлар нега муҳим?
Мутахассислар таъкидлашича, яйловлар Ер қуруқлик майдонининг ярмидан кўпроғини эгаллайди. Улар нафақат чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги учун озуқа базаси, балки биохилма-хилликни сақлаш, сув айланиши жараёнларини таъминлаш ҳамда атмосферадаги углерод миқдорини мувозанатлаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда дунё бўйлаб қарийб икки миллиард инсоннинг турмуш тарзи ва даромади бевосита яйловлар билан боғлиқ. Шу сабабли ушбу ҳудудларнинг ҳолати озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурслари ва ижтимоий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатади.
Деградация хавфи кучаймоқда
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг қисқариши, ерлардан нотўғри фойдаланиш ва аҳоли сонининг ортиши натижасида яйловлар ҳолати тобора ёмонлашмоқда. Халқаро баҳолашларга кўра, дунёдаги яйловларнинг ярмигача бўлган қисми деградацияга учраган ёки шундай хавф остида қолмоқда.
Бу жараён тупроқ унумдорлигининг пасайиши, ўсимлик қопламининг камайиши, чўлланиш жараёнларининг тезлашиши ҳамда аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, қурғоқчил иқлим шароитига эга мамлакатлар учун бу масала долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбекистон тажрибаси ва амалий қадамлар
Ўзбекистонда ҳам чўлланиш ва ерлар деградациясига қарши кураш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Кейинги йилларда мамлакатда атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакат бўйлаб яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда чўлланиш жараёнларини чеклашга хизмат қилмоқда. Ушбу ташаббус халқаро майдонларда ҳам юқори баҳоланмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — “Green University” негизида Марказий Осиё минтақавий чўлланишга қарши кураш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши ҳам бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Марказ илмий тадқиқотлар, инновацион ечимлар ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш орқали ерлар деградациясига қарши курашишга ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Барқарор келажак учун ҳамкорлик зарур
Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш фақат экологик масала эмас. Бу иқтисодий тараққиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва ижтимоий барқарорлик билан ҳам узвий боғлиқ.
Муаммони ҳал этиш учун ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш, қурғоқчиликка тайёргарлик чораларини кучайтириш, маҳаллий аҳоли иштирокида ерларни тиклаш дастурларини кенгайтириш ҳамда экологик маданиятни юксалтириш муҳим аҳамият касб этади.
Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни сақлаш, табиий ресурсларни асраб-авайлаш ва келажак авлодлар учун барқарор муҳит яратиш борасидаги масъулиятни яна бир бор эслатади. Яйловларни муҳофаза қилиш ва тиклаш эса бу йўлдаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА