Давлат хизматчиларининг соғлиғи доимий назоратда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Навоий вилояти филиали томонидан вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарлари, вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларида фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчилари профилактик тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Мазкур тиббий кўрикнинг дастлабки босқичида малакали шифокорлар томонидан 600 нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари соғлигининг барқарорлиги кўздан кечирилди. Тиббий таҳлиллар ва юзма-юз мулоқотлар асосида уларга тиббий маслаҳат ҳамда тавсиялар, зарур ҳолатларда эса чуқурлаштирилган кўрик учун йўлланмалар берилмоқда.

Юртимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш, жамоат саломатлигини сақлашда касалликлар профилактикаси, иммунитетни мустаҳкамлаш, бунинг учун аввало, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни оширишни тизимли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш устувор вазифалардан бирига айланиб бормоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунларига асосан ташкилотларда ходимларни дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиш белгиланган бўлса, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда эса давлат фуқаролик хизматчисига тиббий хизмат кўрсатиш ижтимоий ҳимоя чораси сифатида кафолатланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида касалликлар ва уларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини эрта босқичларда аниқлаш бўйича мақсадли тиббий кўриклар ҳамда скрининг текширувларини ўтказиш белгилаб берилган.

– Касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва уларнинг олдини олиш саломатлик учун муҳим. Бу омил – оилада фаровонлик, давлат хизматида эса самарадорликни таъминлайди, – дейди агентликнинг Навоий вилояти филиали инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими бош инспектори Аброр Латипов. – Ўтказилаётган тиббий таҳлиллар, юзма-юз мулоқотлар ва қилинган хулосалар давлат хизматчилари фаолиятида соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга айлантириш ҳамда улар саломатлигини доимий назорат қилиб бориш зарурлигини кўрсатмоқда. Муҳими, давлат хизматида ишлаётган ва кўп ҳолларда ўз саломатлиги учун вақт топа олмаётган хизматчилар ушбу имкониятдан мамнун бўлмоқда.
Тиббий кўриклар натижалари бўйича давлат фуқаролик хизматчиларини даволаниши учун шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг соғлигини мустаҳкамлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланади.
А.Бўриев, ЎзА