Давлат хизматчилари малака оширди
Фарғонада Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 18-20 ноябрь кунлари Олий Мажлис Сенати ва қонунчилик палатасида сўзлаган нутқлари, шунингдек, “2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиши муносабати билан ижро ҳокимияти органлари раҳбар кадрлари олдида турган вазифаларни ўрганиш бўйича ўқув-амалий семинари ўтказилди.
Замонавий билимли, юқори малакали кадрлар давлат фуқаролик хизматида муҳим ўрин эгаллайди. Мазкур ўқув-семинарининг мақсади ҳудудда маҳаллий давлат бошқаруви ва аҳоли билан ишлашни самарали ташкил этиш учун талаб этиладиган билим ва кўникмаларни ривожлантиришдан иборат.

Республикадаги олий ўқув юртлари ректорлари, профессор-ўқитувчилари ва тажрибали мутахассислар жалб этилган тадбирда йўналишлар бўйича бўлаётган янги ишлар, аҳоли муаммоларини ҳал этишда эътибор қаратилиши зарур бўлган ишлар бўйича тушунчалар берилди.

Хусусан, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш, маҳаллабай ишлаш, ёшлар сиёсати, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли муаммолари билан ишлаш каби муҳим мавзулар тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тўрт кун давом этган семинарда шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари ҳамда миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар кўплаб йўналишларда билим ва малакаларини янада мустаҳкамлади. Шунингдек, ўқув жараёни ўзаро тажриба алмашиш, янгиликлар билан танишиш, фикр алмашишда ўзига хос мулоқот майдони бўлди.


Тингловчилар ўзлаштирилган билимлар бўйича тест синовидан ўтди. Ўқув семинарнинг якуний тадбирида иштирок этган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров давлат хизматчилари билим ва малакасини доимо мустаҳкамлаб бориши, ўз устида изланиши, дунёқарашини ўзгартириши кераклигини таъкидлаб, бу борада мазкур семинарнинг аҳамияти катта эканини қайд этди. Ҳар бир раҳбар ўз соҳасида натижадорлик кўрсатиши, янги режалари билан ҳудуд ривожига ҳисса қўшиши зарурлиги белгиланди.


Семинарда иштирок этган тингловчиларга сертификатлар топширилди.
М.Сулаймонов, ЎзА