Давлат харидларида нархларни асоссиз оширганлик учун жарима белгиланмоқда
Қонун лойиҳасига шарҳ
Юртимизда коррупцияга қарши курашиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат бошқарувида очиқлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамай кўп ҳолларда, айниқса, давлат харидларида коррупцион омиллар сақланиб қолмоқда. Эндиликда давлат харидларидаги коррупциявий ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси айнан шу масалаларга дахлдор.

— Мазкур қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2025 йил 30 декабрдаги фармони ижроси доирасида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Даврон Арипов. — Лойиҳада коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган нормалар ўз аксини топган. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий ва ҳудудий кенгашлар, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, комплаенс ва коррупцияга қарши ички тузилмалар фаолияти самарадорлигини янада ошириш, давлат харидларини амалга оширишда коррупция омилларини қисқартириш кўзда тутилмоқда.
Давлат харидларида товар ва хизматларнинг бошланғич нархи ва ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовут миқдорини бузиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Шу боис, бундай ҳолатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Бу ҳолатлар учун биринчи маротаба 12 миллион 400 минг сўмгача, такроран содир этилганда 20 миллион 600 минг сўмгача жарима жазоси белгиланмоқда. Таҳлилларга кўра, 2023-2025 йилларда давлат харидларида нархларнинг энг паст таклифларига нисбатан жами 560 миллиард сўм юқори нарх таклиф қилган иштирокчилар ғолиб деб топилган.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги қонунларга бир қатор муҳим қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Зарурат туғилганда ваколатини амалга ошириш доирасида тегишли ҳужжат ва материаллар билан танишиш мақсадида давлат органи ва ташкилотининг объектларига тўсқинликсиз кириш, давлат органи ва ташкилоти тизимида қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва уларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритиш кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ҳар бир давлат органи ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупциявий хавф-хатарлар харитасини шакллантириш вазифаси юклатилмоқда. Шунингдек, давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиши, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш чораларини кўриши таклиф этилмоқда, — дейд депутат.
Шунингдек, қонун лойиҳасига кўра, Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда тайинланади.
Таъкидлаш лозимки, лойиҳада кўзда тутилаётган нормалар коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш, давлат маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Давлат харидларида товар ва хизматлар нархининг ўртача бозор нархидан асоссиз оширилишига қарши таъсирчан ҳуқуқий механизмларни яратади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА