Давлат тилини ривожлантиришда сунъий интeллeкт ечимлари
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги “Республикада давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси доирасида Наманган вилоятининг Поп туманидаги нодавлат таълим марказида шаҳар-туман ҳокимларининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирокида семинар бўлиб ўтди. Унда ҳукумат қарорининг жойларда ижросини таъминлаш, ҳужжатда белгилаб берилган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Амалий анжуман давомида давлат тилида иш юритиш жараёнларига замонавий рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этишга қаратилган бир қатор янги лойиҳалар тақдимот қилинди.

Қайд этилганидек, “TilNazorat AI” дастури ҳужжатлар, сайтлар ва ёзувлардаги имло, услуб ҳамда термин хатоларини сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш ва тузатишга кўмаклашади.

“Davlat Tili AI Pasport” платформаси ташкилотларнинг давлат тилига мувофиқлик даражасини баҳолаш, рейтинглаш ва рақамли тил паспортини шакллантиришга мўлжалланган.
“HujjatAI” хизмат хати, баённома, маълумотнома, ҳисобот ва бошқа расмий ҳужжатларни сунъий интеллект ёрдамида тез ва стандарт асосида тайёрлашга ёрдам беради.

“MajlisAI” йиғилишларни автоматик матнга айлантириш, баённома ва топшириқларни шакллантириш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилишга хизмат қилади.

“TilScan” дастури эса пешлавҳа, баннер ва бошқа ёзувларни телефон камераси орқали текшириш, хатоларни аниқлаш ҳамда ҳудудлар кесимида мониторинг олиб бориш имконини берувчи мобил сунъий интллект ечим ҳисобланади.

– Ахборот коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бир кезда соҳамизга татбиқ этилиши таклиф қилинаётган янги инновацион ташаббуслар алоҳида аҳамиятга эга, – деди Наманган шаҳар ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, таниқли журналист Азизбек Абдувалиев. – Бундан кўзда тутилган асосий мақсад – давлат тилида иш юритиш сифатини ошириш, инсон омилини камайтириш, мониторинг ва назорат жараёнларини рақамлаштириш ҳамда давлат хизматчиларининг кундалик фаолиятида сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланишдир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.