Давлат раҳбари халқдан узр сўради
Ҳукмдорларни камида панжара ортига жўнатиш анъанага айланган Корея Республикасида бугун яна бир президентнинг тақдири ҳал бўлади.
Мамлакат етакчиси Юн Сок Ёль сешанба куни ҳарбий ҳолат эълон қилгани учун узр сўради ва бундай ҳаракатни бошқа такрорламаслигини айтиб, халқи олдида бош эгди. Дарҳақиқат, Юннинг кутилмаган қарори нафақат фуқаролар, балки парламент аъзоларини ҳам ”шок”ка туширгани рост. Ўша куни қонунчилар ҳарбий ҳолат тартибини тезда бекор қилди. Бугун эса мухолифат Юнга импичмент бўйича овоз бериши режалаштирилган.
Парламентда кўпчиликни ташкил этувчи коалиция унга импичмент эълон қилиши учун Юннинг партиясидан атиги саккиз нафар аъзо бўлиши кифоя.
Президент кеча парламентга ташриф буюриши керак эди, бироқ уни тўхтатиш учун "жонли девор" ҳосил қилган мухолиф депутатлар норозилиги туфайли фикридан қайтди.
Мусулмон Зиё, ЎзА