Давлат экологик экспертизаси маркази ва Ўзбекистон Миллий университети ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Миллий университетида “Давлат экологик экспертизаси маркази” давлат муассасаси масъуллари, Биология ва экология факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирокида учрашув ўтказилди.
12 май — Экологик таълим куни арафасида ташкил этилган тадбирда Давлат экологик экспертизаси тизими ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ёшларнинг экология соҳасига қизиқишини ошириш, бўлажак мутахассисларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш ҳамда Марказнинг асосий фаолият йўналишлари ва вазифалари ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, экологик экспертиза лойиҳаларнинг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига эҳтимолий таъсирини баҳолаш, экологик хавфларни барвақт аниқлаш имконини берувчи муҳим механизм ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида”ги қонуни соҳада янги босқични бошлаб бериб, эндиликда нафақат алоҳида лойиҳалар, балки стратегик даражадаги ҳужжатларни ҳам баҳолашни назарда тутади.
Шу муносабат билан замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга экологик кадрларни тайёрлашнинг долзарблиги, таълим жараёнини давлат органлари, корхоналар ва эксперт ташкилотлари фаолияти билан уйғунлаштириш имконини берувчи дуал таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Иштирокчиларга Марказнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги, хорижий тилларни биладиган, замонавий технологиялар, маълумотлар таҳлили ва экологик моделлаштириш кўникмаларига эга мутахассисларга эҳтиёж мавжудлиги ҳақида ҳам маълумот берилди.
Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон”, “Эко-маданият” ва “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. Ушбу ташаббуслар яшил ҳудудларни кенгайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш, экологик таълимни ривожлантириш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини оширишга қаратилгани қайд этилди.

Таъкидланишича, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ҳамда 2030 йилга қадар мамлакатда яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш режалаштирилган. Талабалар экологик акциялар, илмий тадқиқотлар ва амалий лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирилди.
Тадбир доирасида Давлат экологик экспертизаси маркази ҳамда Биология ва экология факультети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Учрашув якунида томонлар кадрлар тайёрлаш, дуал таълимни ривожлантириш, талабаларни экологик лойиҳаларга жалб этиш ва қўшма тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА