Давлат бошқаруви самарадорлигида Скандинавия мамлакатлари тажрибаси алоҳида аҳамият касб этади
Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти саналади.
Айни жиҳатдан Скандинавия мамлакатларининг ижтимоий йўналтирилган давлатни барпо этиш борасидаги тажрибаси Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу мамлакатларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси аҳоли фаровонлик даражаси нуқтаи назаридан энг муваффақиятли намуна ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигида Швециянинг Миллий савдо кенгаши (Kommerskollegium) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров олиб борган музокараларда Швеция томонидан савдо ва ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича департамент раҳбари ўринбосари Сара Санделиус ҳамда департамент менежери Женнй Иккелберг иштирок этди.
Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти батафсил тақдим этилди. Хусусан, халқ билан мулоқотнинг ролини ошириш, стратегик режалаштиришни аҳолининг эҳтиёж ва кутишларидан келиб чиқиб шакллантириш ҳамда агентликнинг жорий босқичдаги устувор вазифалари ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, ягона стратегик режалаштириш тизимини шакллантириш, унинг маъмурий ва ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.
Стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, давлат бошқаруви механизмларини такомиллаштириш, замонавий режалаштириш ва ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш ёндашувларини жорий этиш борасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Алоҳида қайд этилдики, илғор халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитига мослаштириш жараёнида Скандинавия мамлакатларининг юқори институционал ривожланиш, очиқлик ва ижтимоий йўналтирилган сиёсат борасидаги тажрибаси алоҳида аҳамиятга эга.
Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги маълумотига кўра, учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ҳамда тажриба алмашиш ва самарали бошқарув ечимларини жорий этиш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
А.РУСТАМОВ, ЎзА