Давлат бошқаруви салоҳиятини оширишга оид лойиҳа қандай амалга оширилди?
Давлатимиз раҳбарининг “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан мамлакатимизда стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг ягона ва комплекс тизими шакллантирилди.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб «мақсад – ҳаракат – натижа» занжири асосида стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашни ўз ичига олган стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими жорий этилди.
Соҳалар, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришга янгича ёндашувларни жорий этиш, замонавий форматлар ва инновацион усуллар асосида ишларни ташкил қилиш, стратегик таҳлил ва режалаштириш соҳасида юқори малакали кадрлар янги авлодини тайёрлашнинг интеграциялашган тизими яратилди.
Бу Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон давлат бошқарувининг салоҳиятини оширишга кўмаклашиш” лойиҳасининг якуний конференциясида алоҳида қайд этилди.
Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, иш жараёнларини рақамлаштириш, раҳбар ва ходимлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида белгиланган “халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” мақсадларига мос эканлиги эътироф этилди.
[gallery-28325]
Латвия ва Германия ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилган “Ўзбекистон давлат бошқаруви салоҳиятини оширишга кўмаклашиш” лойиҳаси шу борадаги муҳим қадамлардан бўлди.
Бу лойиҳа давлат хизматчиларининг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, бошқарув жараёнларига замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилган.
Конференцияда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари А.Абдуқодиров, Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори У.Ҳусаинов, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ректори Ж.Солиҳов, Латвия Республикаси Марказий молия ва шартномалар агентлиги директори А.Крумина, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZнинг Ўзбекистондаги “Самарали давлат бошқаруви” дастури директори В.Кесслер ва бошқалар лойиҳанинг самаралари ҳақида тўхталди.
Бу лойиҳа 2023-2026 йиллар давомида амалга оширилди. Стратегик режалаштиришда натижага йўналтирилган бошқарувнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Вазиятни таҳлил қилиш, мақсадни белгилаш, самарадорлик кўрсаткичлари, ҳаракатлар режаси ва уларнинг ресурсларини ҳисоблаш, мониторинг ва баҳолаш кабиларни қамраб олган 8 модулли махсус дастур жорий этилди.
Латвия Республикаси Марказий молия ва шартномалар агентлиги директори Анита Крумина лойиҳа муваффақиятли амалга оширилганини таъкидлади. Ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик бунда муҳим роль ўйнади. Бошқарувдаги барқарорлик ва самарадорликни баҳолаш механизмлари жорий этилишига эришилди. KPI асосланган тизимларни жорий этиш орқали иш самарадорлигини аниқлаш имконияти яратилди. Асосий натижаларни тизимлаштириш, стратегик қарорлар қабул қилиш жараёнларида масъулиятни ошириш, эришилган натижаларни сақлаб қолиш каби муҳим масалалар эътибор марказида бўлди.
Конференцияда очиқлик ва аниқликни таъминловчи геопортал такомиллаштирилгани айтиб ўтилди. Турли тренинг-семинарлар ва малака ошириш дастурлари орқали давлат хизматчилари стратегик режалаштириш ва натижадорликни баҳолаш, замонавий бошқарув ва рақамли технологияларни қўллаш бўйича билимларини оширди.
Тадбирда давлат бошқаруви ислоҳотларини стратегик режалаштириш ва мувофиқлаштириш, давлат бошқарувида рақамли трансформация, давлат бошқарувида кадрлар масалалари ва институционал салоҳият, давлат бошқарувида инклюзив етакчилик ва хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Норгул Абдураимова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА