Давлат аудити ва молиявий назоратни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди
Бугунги кунда давлат молиявий бошқарувида шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш устувор вазифалардан бирига айланмоқда. Шу мақсадда соҳада замонавий аудит ва назорат механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Рақамли технологиялар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан давлат аудити ва молиявий назорат тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўқув-семинар ташкил этилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони асосида вазирликда Ҳисоб палатасининг доимий вакили фаолияти йўлга қўйилгани ҳамда унинг асосий вазифалари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси вакили томонидан молиявий бошқарувда хавфларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш бўйича замонавий ёндашувлар, амалий механизмлар ҳамда уларни қўллаш жиҳатлари тушунтирилди.

Семинар доирасида коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат харидларини шаффоф ташкил этиш, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, шунингдек, молиявий интизомни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА