Дам олиш ва байрам кунлари тиббиёт муассасалари узлуксиз ишлайди
Аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, байрам ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб ташкил этилди.
ССВ матбуот хизматининг хабар беришича, 29 август – 1 сентябрь кунлари мамлакатимиздаги туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Ўз навбатида, дам oлиш ва байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 200 га яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади.
29 август – 1 сентябрь саналарида "103" хизмати ҳам одатий иш фаолиятини давом эттиради. Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакатимиз бўйлаб 14 та ҳудудий филиали, 189 та станция, 40 та подстанция ва 1 492 та таянч пунктида 2 900 дан зиёд тиббий ёрдам бригадаси аҳоли ҳамда юртимиз меҳмонларидан келиб тушадиган чақирувлар учун доимий шай ҳолатда бўлади.
Бундан ташқари, байрам кунлари мамлакатимиздаги барча туғуруқ ва болалар даволаш муассасалари ҳам узлуксиз иш олиб боради.
М.Қосимова, ЎзА