"Ctrl+Art" кўргазмаси - ёшларнинг жўшқин ижодини намойиш этади
Тиниб-тинчимаслик, изланиш, ғайрату шижоат – ёшликка хос фазилатлар. Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Ёшлар кунига бағишлаб ташкил этилган ажойиб кўргазма ҳам ёшларнинг хаёлоти, ижодий изланиши чексиз эканини яна бир карра намойиш этди.
Мазкур маданий-маърифий лойиҳа ёш рассомларни қўллаб-қувватлаш, уларга ўз ижодини намоён этиш ва жамоатчилик билан мулоқот қилиш имконини яратди.
Рақамли давр, урбанизация, клипли тафаккур ва тасвирий санъат учун мўлжалланган матода акс этган турфа бўёқлар... Агар булар бир маконда бирлашса, нима юз беради? Ана шу кесишув нуқтасида Ctrl+Art — анъанавий санъат янги воқелик билан тўқнашиб, янги шакл ва мазмун касб этадиган ҳудуд сифатида намоён бўлади.

Кўргазмада иштирокчилар рақамли муҳит таъсири, шаҳар маданияти ва тезкор ахборот оқими шароитида инсон тафаккуридаги ўзгаришларни тадқиқ этишга ҳаракат қилганлари яққол сезилади. Классик тасвирий воситалар замонавий ғоялар билан уйғунлашиб, янги визуал ифода шаклларини яратади.

Ушбу ижодий лойиҳа ёш рассомларнинг ижодий изланишларини бирлаштириб, уларнинг шахсий қарашлари, ички кечинмалари ва ижтимоий позициясини намоён этади.
Ёш муаллифлар турли техника ва материаллар билан муайян мавзуга эркин ёндашиб, ўз дунёқарашини дадил ифода этгани диққатга сазовор.

Кўргазмада С.Эркинов, Д.Тўхтақулов, А.Григорянц, Р.Алимова, Т.Лашенов, Й.Сатторов, К.Ҳазратқулов, Т.Бисмахова каби 50 дан зиёд ёш рассомнинг 200 га яқин асари намойиш этилмоқда.

“Ctrl +Art” кўргазмаси янги авлод санъатининг импульси демак. Кўргазма 2026 йил 25 июлига қадар давом этади.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари