Чор-атроф чиқиндилардан тозаланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда вилоят бошқармаси томонидан Наврўз умумхалқ байрами олдидан плоггинг акцияси ташкил этилди.
Тадбир шаҳар марказидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Тоғ йўли кўчасида ташкил қилиниб, унда вилоят Ёшлар ишлари бошқармасининг эко-волонтёрлари, Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят Кенгаши, шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси, “Эко-сфера” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Ёш экологлар” ҳаракати кенгашининг кўнгиллари иштирок этди.
[gallery-22200]
– Акция аҳоли ва жамоат вакиллари томонидан қўллаб-қувватланиб, барчани бир мақсад йўлида бирлаштирди, - дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири котибият раҳбари Ўткир Жуманов. – Йиғилганлар кўча ёқаларида тўпланиб қолган чиқиндиларни тозалаб, келгусида яна шу ҳолатга келиб қолмаслиги учун яқин бўлган хонадон эгаларини атроф-муҳитни асрашда фаол бўлишликка чақирди.
Жами 300 нафар кўнгилли иштирок этган плоггинг акциясида иштирокчиларга зарурий ашёлар, елим қоп ва қўлқоплар, футболка, бош кийим, эко-сумка, шунингдек, антисептик воситалар тарқатилди.
Тоғ йўли ёқасида тўпланган турли чиқиндилар териб олинди. Шунингдек, мазкур тадбирга жалб этилган 11 та махсус транспорт воситаси ёрдамида ноқонуний жойлаштирилган қурилиш чиқиндилари ва бошқа қаттиқ маиший чиқиндилар бартараф этилди.
Келгусида бу каби хайрли ташаббусларни вилоятнинг турли нуқталарида ўтказиш режалаштирилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА