Чирчиқ шаҳри: муаммолар, режалар ва ютуқлар
Чирчиқ шаҳрида саноат, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун етарли салоҳият ва имкониятлар мавжуд. Бироқ иқтисодий кўрсаткичлардаги ўсишнинг ўзи билан кифояланиб бўлмайди. Ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш, фаолияти тўхтаган корхоналарни қайта тиклаш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш борасида ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар талайгина. Айни жиҳатлар шаҳарнинг жорий йил тўққиз ойлик ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари муҳокамасида танқидий таҳлил қилинди.
Ҳудудий бошқармалар, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, фаоллар, маҳалла еттилиги, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари масъуллари иштирок этган йиғилишда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев кун тартибидаги масалалар юзасидан таҳлилий-танқидий маъруза қилди.

Таҳлиллар айрим иқтисодий кўрсаткичларда ўсишга эришилганини кўрсатса-да, йирик корхоналар фаолияти, кичик бизнес, маҳаллалардаги микролойиҳалар ва инфратузилма масалаларида қатор камчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатади. Жумладан, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 16,9 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 112,8 фоизга етган. Хизматлар соҳасида эса 3,8 триллион сўмлик хизмат кўрсатилиб, 118,1 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Бироқ айрим йирик корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажми пасайган. Хизматлар соҳасида ҳам 10 та корхонада жами 34,5 миллиард сўмлик пасайиш қайд этилган. Кичик бизнесдаги ҳолат ҳам жиддий эътибор талаб этади. Шаҳардаги 3 минг 821 та кичик бизнес субъектининг 22,8 фоизи бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти. Шунингдек, 8 та корхонада чакана савдо ҳажми 26,1 миллиард сўмга камайган. Коммунал хизматлар соҳасидаги дебитор қарздорлик 12,3 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Қарздорликнинг асосий қисми бошқарув сервис компаниялари ҳиссасига тўғри келади.

Кўп квартирали уйларни сақлаш ва таъмирлаш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Жорий йилнинг тўққиз ойида бу борада 210 та мурожаат келиб тушган. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида дастурга киритилган 158 та уйнинг 97 тасида ишлар тўлиқ якунланган. Қолган 61 тасида эса таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Чирчиқ шаҳри 177 минг 789 нафар аҳоли истиқомат қиладиган, йирик саноат салоҳиятига эга ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш учун имкониятлар етарли. Хусусан, доимий иш ўринлари яратиш бўйича йиллик режа 6 минг 18 тани ташкил этган бўлиб, ҳисобот даврида ушбу кўрсаткич 106,1 фоизга бажарилган. Шунга қарамай, шаҳарда ишсизлик даражаси 3,8 фоизни ташкил этди. Уларнинг 1 минг 636 нафари хотин-қизлардир.

Бугунги кунда шаҳардаги 39 та маҳалланинг 23 таси камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айланган. Йил якунига қадар барча маҳаллаларда ушбу натижага эришиш вазифаси белгиланган. Бироқ Ҳумо, Семурғ, Турон, Нур ва Умид маҳаллаларида камбағаллик даражаси шаҳарнинг ўртача кўрсаткичидан юқорилигича қолмоқда.
Бу эса маҳаллаларда ишларни манзилли ташкил этишни, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишни талаб қилади. Хусусан, микролойиҳаларни амалга ошириш, фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектларини қайта ишга тушириш, аҳоли учун барқарор даромад манбаларини яратиш ва ишсиз фуқароларни банд қилишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу сабабли шаҳар маҳаллаларига вилоятдан масъуллар бириктирилиб, икки кун давомида улардаги мавжуд муаммолар турли йўналишлар бўйича ўрганилди. Амалга оширилган ишлар ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ҳақида Касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси Сайёра Файзиева батафсил маълумот берди.

Йиғилишда ижтимоий соҳа ташкилотлари ва муассасалари фаолиятида аниқланган камчилик ҳамда нуқсонларни бартараф этиш юзасидан ҳам таклифлар билдирилиб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Муҳокама якунида шаҳардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш, фаолияти сусайган корхоналар ишини тиклаш, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
А.Мусаев,ЎзА