Чиқиндилар соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади
Мамлакатимизда 274 та чиқинди полигонлари мавжуд бўлиб, қаттиқ маиший чиқинди полигонлари билан боғлиқ вазиятни тубдан яхшилаш зарурати бор.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини янада такомиллаштириш ҳамда комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, чиқинди полигонларини 2030 йилгача 50 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.
Таъкидлаш лозимки, юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ва чиқиндиларни иқтисодий ресурсга айлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Аммо амалдаги “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунда айрим бўшлиқлар ва ҳаволаки нормалар мавжуд. Бошқарув асослари ва асосий йўналишлар, чиқиндиларга нисбатан мулкий муносабатлар ҳамда соҳани молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш механизмлари тўлиқ белгилаб берилмаган.
Шу боис, янги “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида ушбу қонун лойиҳаси батафсил муҳокама қилинди.

Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси орқали чиқиндилар соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари, юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки аниқлаштирилмоқда.
Таъкидланганидек, лойиҳада чиқиндиларни таснифлаш тизимини жорий этиш, соҳани иқтисодий рағбатлантириш, саноат объектларида хавфли чиқиндиларни, тиббиёт ва биологик чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш ва утилизация қилиш тизимини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Чиқиндиларни чегаравий ташиш тартиблари белгиланмоқда, уларни ташиш бўйича талаблар аниқ белгилаб бериляпти. Шунингдек, ҳужжатда қурилиш чиқиндиларидан такрорий фойдаланиш, санитария тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳам белгиланмоқда. Бундан ташқари, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш станциясига ҳамда чиқиндилар полигонларига доир талаблар қонун даражасида белгиланяпти.
Полигонларнинг турлари, уларда қабул қилиш мумкин бўлган чиқинди турлари аниқ белгиланмоқда.
Чиқинди соҳасида ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларнинг иштироки белгиланиб, уларга аниқ талаблар қўйилмоқда.
Бундан ташқари, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш институти жорий этилмоқда.
Муҳокамаларда таъкидланганидек, мазкур ҳужжат чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиб, замон талабига мос ҳуқуқий асосларни яратишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳасининг долзарблиги қайд этилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА