Чиқиндидан қиймат ва электр энергияси
Бухоро вилоятида чиқиндиларни бошқариш тизимини замонавий босқичга олиб чиқиш, уларни қайта ишлаш орқали иқтисодий қиймат яратиш ҳамда электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган давлат сиёсати доирасида Бухорода ҳам чиқиндиларни шунчаки маиший чиқинди эмас, балки иқтисодий ресурс сифатида қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Хитойнинг “Wangneng Environment Co., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида фаолият юритаётган “Аҳоли Транс” МЧЖ негизида қиймати 170 миллион АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Лойиҳа доирасида чиқиндиларни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш, улардан қўшимча қиймат яратиш ва электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Бу эса бир вақтнинг ўзида икки муҳим вазифани — ҳудудда чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш ва энергия ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришни таъминлайди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов “Wangneng Environment Co., Ltd.” компанияси вакиллари билан учрашиб, инвестиция лойиҳасини амалий босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Мулоқотда лойиҳанинг амалий ижросини таъминлаш, томонлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш, мавжуд ташкилий масалаларни тезкор ҳал этиш ҳамда белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Айниқса, чиқиндиларни барқарор етказиб бериш ва лойиҳа натижасида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартнома шартларини самарали йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ушбу йўналишларда ўзаро манфаатли ечимларни ишлаб чиқиш ва аниқ таклифларни шакллантиришга келишиб олишди.
Мутахассислар нуқтаи назаридан қараганда, бундай лойиҳаларнинг аҳамияти фақат инвестиция ҳажми билан чекланмайди. Энг муҳими, чиқиндиларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва улардан энергия олишни ягона технологик занжирга бирлаштириш орқали ҳудудда айланма иқтисодиёт элементлари шаклланади. Натижада чиқиндиларни полигонларга жойлаштириш ҳажмини камайтириш, ер ва табиий ресурсларга тушадиган экологик босимни пасайтириш, чиқиндидан иккиламчи хомашё ва энергия олиш имкониятини кенгайтириш мумкин бўлади.
Шу жиҳатдан лойиҳа Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва замонавий технологияларни ҳудудларга кенг жорий этиш бўйича ташаббусларнинг Бухоро вилоятидаги амалий ифодаларидан бири сифатида аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири