“Чимён” сиҳатгоҳи янада кўркамлашди
Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрами арафасида Фарғона туманидаги “Чимён” сиҳатгоҳида қайта реконструкция қилинган бинолар фойдаланишга топширилди.
Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрами арафасида Фарғона туманидаги “Чимён” сиҳатгоҳида қайта реконструкция қилинган бинолар фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан тизимдаги сиҳатгоҳлар моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Чимён” сиҳатгоҳида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
“Чимён” сиҳатгоҳи Олой тоғ тизмасининг Қатронтоғ этакларида, денгиз сатҳидан 700 метр баландликда жойлашган бўлиб, баҳаво табиати ва ўзига хос иқлими билан ажралиб туради. Бу ерда саломатликни тиклаш ва мароқли дам олиш учун барча шароитлар яратилган. Саломатлик масканидаги олтингугуртли минерал сув кўпгина касалликларга шифо бўлиши билан юртдошларимиз орасида машҳур.
Сиҳатгоҳнинг айрим бинолари мукаммал таъмирланиб, замонавий мебеллар билан жиҳозланди. Ёпиқ сузиш ҳавзаси, спорт зали, тренажёр зали бутунлай қайта реконструкция қилинди. 1 миллиард 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига таъмирдан чиқарилган сиҳатгоҳ янада кўркам қиёфа касб этди.
– Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон манфаатларига хизмат қилишдир, – дейди Ўзбекистон халқ устаси Набижон Қодиров. – Бир неча йилдан буён шу ерда дам олиб, саломатлигимни тиклайман. Сиҳатгоҳдаги шароитлар, янги реконструкциядан чиқарилган бинолар барчани қувонтирди. Мустақиллик байрами арафасида бу дам олувчилар учун катта туҳфа бўлди.