Чимбойда янги текстиль корхонаси иш бошлади
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида ип-калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган “HD Sons” текстиль корхонаси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, йиғилганларни янги корхонанинг очилиши билан қутлади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш ва саноат салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу асосда шаҳар ва туманларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилиб, янги саноат корхоналари ишга туширилмоқда ва аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда. Шундай лойиҳалар қаторида Чимбой туманида янгидан барпо этилган “HD Sons” текстиль корхонасини қайд этиш мумкин.

Дарҳақиқат, Оролбўйи ҳудудига қаратаётган алоҳида эътибор натижасида Чимбой туманида ҳам инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида аниқ амалий чора-тадбирлар давом этмоқда. Умумий қиймати 15 миллион АҚШ доллари бўлган янгидан очилган текстиль корхонаси тўлиқ қувватда ишга тушиши билан йиллик 7 минг тонна хомашёни қайта ишлаш ва 4 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Шунингдек, 6,5 миллион АҚШ доллардан зиёд маҳсулотни экспорт қилиш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, туман аҳолиси, айниқса, ёшлар бандлиги таъминланади.

Тадбир якунида иштирокчилар янги корхона фаолияти ҳамда ишчи ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.