Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш жаҳон гавҳари саналмиш Ислом цивилизацияси марказида бўлди
Мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш нафақат юртимиз, балки бутун дунё гавҳарига айланган Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига борди.
Ислом цивилизацияси маркази илмий, маърифий ҳамда тарихий нуқтаи назардан ўтмиш ва бугунни боғловчи кўприкдир. Бугун унинг фаолияти бутун дунё диққат марказида бўлиб келмоқда.
Қисқа муддат ичида халқаро нуфузли ташкилотлар ва нашрлар томонидан эътироф этилди.
[gallery-29094]
Бу ерга ташриф буюрувчиларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Мажмуа ҳақида тарқатма материаллар, брошюралар ва китоблар нашр қилинди. Ўзбекистон музей амалиётида илк бор нуфузли халқаро экспертлар жалб этилган ҳолда замонавий кимё-физик лабораторияда барча музей ашёларининг кимёвий таркиби ва яратилганлик вақти аниқланиб, уларнинг технологик паспортлари тайёрланди.
Халқаро ISO стандартлари асосида экспонатлар рақамлаштирилиб, ягона электрон платформага жойлаштирилди. ЮНЕСКО ва ИКОМ талаблари, шунингдек, жаҳоннинг энг машҳур музейлари тажрибаси асосида экспонатларнинг 8 йўналишдаги этикетаж эталонлари ва таснифлари яратилди. Ҳар бир экспонатга QR-кодлар жойлаштирилиши натижасида ташриф буюрувчилар мобиль телефон ёки планшет орқали уларнинг видео ва аудио контенти билан дастлаб 3 тилда, кейинчалик эса 8 тилда танишиш имконига эга бўлди.
Бугун мажмуада Британия, Лувр ва Метрополитан музейларидаги каби планшетлар орқали видео ва аудио танишув, аудиогидлар, радиогидлар ва маълумот олиш қулоқчинлардан фойдаланиш йўлга қўйилган.
Чехия Бош вазири Андрей Бабиш жаҳон музейларига тенглаша олувчи ноёб дурдоналарни сақлаётган Ислом цивилизацияси экспонатларини кўздан кечириб, аждодларимизнинг бой меросидан ҳайратга тушди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА