Чемпионлик мезбонларда қолди
Наманган давлат техника университетининг замонавий спорт мажмуасида старт олган волейбол бўйича ўсмирлар (“U-19”) ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати мусобақалари якунига етди.
Бир ҳафта давомида қизғин ва муросасиз руҳда кечган мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан келган сараланган терма жамоалар иштирок этди.

Беллашувлар давомида ёш спортчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, техник маҳорати ва жамоавий уйғунлиги яққол кўзга ташланди. Қолаверса, чемпионатга ташриф буюрган миллий терма жамоамиз мураббийлари баҳсларни кузатиш асносида ўз қайдномаларига иқтидорли номзодларни белгилаб қўйишди.
Эътиборлиси, бундай мусобақалар чемпионат ёш волейболчиларини аниқлаш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш ва юртимизда волейбол спорт турини янада ривожлантириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Чемпионатнинг ҳал қилувчи ўйинига етиб келган Дадахон Ваҳобов мураббийлигидаги Наманган вилоят терма жамоаси финалда ён қўшниси – андижонликларга қарши майдонга тушиб, учала партия натижасига кўра (3:0), яққол устунлик билан ғалаба қозонди. Шу тариқа чемпионлик мезбонларга насиб қилди. Андижон вилояти йигитлари кумуш медаль билан кифоланди.

Бронза медали учун кечган беллашувда Тошкент вилояти вакилларини 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратган қорақалпоғистонлик волейболчилар ҳам ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишди.
Тантанали тақдирлаш маросимида ғолиб-совриндор жамоаларга Спорт вазирлиги, Ўзбекистон волейбол федерацияси ҳамда Наманган вилоят ҳокимлиги томонидан кубок, медаллар ва эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА