Чемпионлар уйи фойдаланишга топширилди
Чемпионлик йўли, аввало, муносиб шароитдан бошланади. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Ширин шаҳар спорт мактабининг академик эшкак эшиш базаси ҳудудида барпо этилган замонавий 40 ўринли спортчилар ётоқхонаси фойдаланишга топширилди. Бу Сирдарё вилоятида спорт инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлиб, нафақат спортчилар учун муносиб туҳфа, балки эртанги Олимпия ва жаҳон чемпионларини тарбиялашга хизмат қиладиган замонавий спорт маскани сифатида эътироф этилди.
Ётоқхона "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги маблағлари ҳисобидан эса бино замонавий мебеллар, маиший техника ҳамда машғулотлардан сўнг спортчиларнинг дам олиши учун зарур бўлган барча жиҳозлар билан таъминланди.

Эндиликда академик эшкак эшиш билан шуғулланаётган 40 нафар спортчи ўқув-йиғинлари ва мусобақаларга тайёргарлик жараёнида ўз ҳудудидаги замонавий шароитларда яшаш ва машғулот ўтказиш имкониятига эга бўлади. Энг муҳими, аввалгидек Тошкент вилоятидаги спорт базаларига қатнаб тайёргарлик кўришга эҳтиёж қолмайди. Бу эса вақт ва маблағни тежаш баробарида машғулотлар самарадорлигини янада оширади.

Очилиш маросимида Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси, Ширин шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари, мураббийлар, спортчилар, нуронийлар ҳамда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган "Мустақиллик тўйи" фестивали доирасида фаолият юритаётган "Маърифат тарғиботчилари" иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий натижалари ана шундай замонавий иншоотларда яққол намоён бўлаётганини таъкидладилар. Қайд этилганидек, янги ётоқхона ёш спортчиларнинг машғулот жараёнини самарали ташкил этиш, уларнинг халқаро мусобақаларга тайёргарлигини янада кучайтириш ва юқори натижаларга эришишида муҳим аҳамият касб этади.

Бу фикрлар бежиз эмас. Ширин шаҳар спорт мактабининг академик эшкак эшиш базаси мамлакатимиздаги энг кучли спорт масканларидан бири ҳисобланади. Фақат 2025 йилнинг ўзида мактаб спортчилари республика чемпионатлари ва кубок баҳсларида 28 та медални қўлга киритишди. Шундан 12 таси олтин, 10 таси кумуш ва 6 таси бронза медалидир. Бугунги кунда мактабнинг 20 нафар тарбияланувчиси Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таркибида, яна 5 нафари эса захира таркибига киритилган.
Эътиборлиси, айнан шу спорт мактабида Олимпия ўйинлари иштирокчилари Шаҳбоз Холмирзаев ва Анна Пракатень каби машҳур эшкак эшувчилар камол топган. Бу эса мазкур даргоҳ мамлакатимизда академик эшкак эшиш спортини ривожлантиришда алоҳида ўрин тутаётганининг ёрқин тасдиғидир.


Жорий йилда Россия пойтахти Москва шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича ўтказилган нуфузли «65-Катта Москва регатаси – Энг кучли спортчилар кубоги» мусобақасида ҳам Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Ширин шаҳар спорт мактаби тарбияланувчилари муносиб иштирок этишди. Яҳё Иброҳимов, Асадбек Маматқулов, Ҳусан Тўйчиев, Шоҳжаҳон Асатуллаев, Муҳаммадамин Толипов, Азиз Давронов, Мадина Савина ва Сарвара Шарипқуловалар бронза медалларини қўлга киритган бўлса, Баҳром Камолов ҳамда Азиз Ҳакимов кумуш медалларга сазовор бўлишди.

Сўнгги йилларда мактабнинг моддий-техник базаси изчил мустаҳкамланмоқда. Замонавий қайиқлар, эшкаклар ва бошқа спорт анжомлари билан таъминланган базага янги ётоқхонанинг қўшилиши машғулотлар сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Энг муҳими, Ширин шаҳрида фойдаланишга топширилган ушбу иншоот оддий ётоқхона эмас. У келгусида халқаро ареналарда Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарадиган, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қиладиган янги чемпионлар етишиб чиқадиган ҳақиқий "Чемпионлар уйи" бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири