Чекка маҳаллада комплекс тадбирлар
Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги чекка маҳаллалардан бири бўлган Шихобод маҳалласида вилоят солиқ бошқармаси томонидан комплекс тадбирлар ташкил этилди.
Тадбирлар "Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам" марафони билан бошланди. Марофонга маҳалладаги каттаю кичик қўшилди. Пиёда юриш –жисмоний машқнинг энг осон ва қулай тури бўлиб, инсон саломатлиги учун фойдали бўлибгина қолмай, руҳий ҳолатга ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, мунтазам юриш инсон иммунитетини мустаҳкамлайди.
Наврўз байрами яқинлашаётганлиги муносабати билан аҳолига арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Ярмаркада аҳоли учун бирламчи бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ун, ёғ, тухум, гўшт, балиқ ва бошқа турдаги маҳсулотлар арзон нархларда сотилди.
– Тадбирлар доирасида ёш мусаввирлар танлови, футбол, теннис, волейбол спорт мусобақалари, бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, каштачилик, қўл меҳнати намуналари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Маҳалламизни туманда ривожланишда орқада қолаётган маҳаллалардан деб бўлмайди. Бироқ туман марказидан анча узоқда жойлашгани боис баъзибир муаммоларимиз ҳам бор, – дейди “Шихобод” МФЙ хотин-қизлар фаоли Зиёда Матрасулова. – Вилоят иккинчи сектор раҳбарияти маҳалламизда самарали ишларни ташкил этиб, фуқароларни бугунги кунидан рози қилиш мақсадида мана шундай тадбирлар ташкил этилмоқда. Бундан маҳалла аҳли, айниқса, аёлларимиз жуда хурсанд. Уларнинг ўзлари ташаббус кўрсатиб, барча тадбирларда фаол иштироқ этишмоқда.
Шихобод марказдан узоқлигини инобатга олиб, тиббиёт ходимлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик, яъни ЭКГ ва УЗИ кўриклари шу ернинг ўзида ташкиллаштирилди. Унда вилоят ва туман кўп тармоқли тиббиёт муассасаларидан тор соҳа мутахассислари 250 нафарга яқин фуқарони бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
– Маҳаллада аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаб, соғломлаштириш ишларини олиб бориш ва юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳам муҳим саналади, – дейди 22-сонли оилавий поликлиника мудираси Гулбаҳор Матёқубова. – Чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида 72 нафар фуқарода хасталик аниқланган бўлса, уларнинг 4 нафарига стационар, қолганларига амбулатор тарзда даволаниш тавсия этилди.
[gallery-22180]
Комплекс тадбирлар доирасида маҳалланинг ҳар бир кўчаси таъмирланди. Маҳалла ёшлари бошқа маҳаллаларга бормасдан футбол ва волейбол, теннис каби спорт турлари билан мунтазам равишда шуғулланиши учун махсус майдончалар фойдаланишга топширилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари