Чегараолди ҳудуд аҳолиси учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Узун тумани чегараолди ҳудудларида аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар ўтказилди. Унда ижтимоий муаммоларни ўрганиш, аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш ва ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида Термиз ҳарбий госпитали шифокорлари иштирокида маҳаллий аҳоли учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Терапевт, кардиолог, педиатр ва бошқа мутахассислар фуқаролар саломатлигини текшириб, зарур ҳолатларда даволаниш бўйича тавсиялар берди ҳамда қўшимча тиббий кўриклар ташкил этди.
Шунингдек, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва сектор масъуллари иштирокида сайёр қабул ўтказилиб, аҳолининг мурожаат ва таклифлари тингланди. Қатор масалалар жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар эса ижросини таъминлаш учун масъулларга бириктирилди.
[gallery-30339]
Кун давомида ташкил этилган ҳарбий-ватанпарварлик фестивали тадбирнинг энг ёрқин қисми бўлди. Ҳарбий оркестр ижросидаги мусиқий чиқишлар, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали машқлари ва санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурлари иштирокчиларга байрамона кайфият улашди. Фестиваль ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мазкур тадбирлар чегараолди ҳудудларда яшовчи аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, давлат идоралари билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишлар самарасини яна бир бор намоён этди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА