Чарм саноати тармоқлари янада ривожланади
Президентимиз жорий йил 24 январь куни чарм-пойабзал саноатидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказган йиғилишда ҳали бу тармоқда ишга солинмаган имкониятлар жуда кўплиги, айрим муаммолар ишлаб чиқарувчиларга қийинчилик туғдираётгани таъкидланган эди.
Қайд этилганидек, Тошкент вилоятида 500 минг дона майда шохли чорва териси умуман қайта ишланмайди. Кўп кушхоналар аҳолидан узоқда жойлашгани, маҳаллалар билан боғланмагани сабабли кам қувватда ишламоқда. Йиғилишда шу каби муаммоларни ҳал этиб, соҳани тизимли ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Аввало, маҳаллаларда чорва молларини сўйиш ва терини йиғиб олиш бўйича кичик мобил хизматларни йўлга қўйиш, бунинг учун имтиёзли кредитлар ажратиш зарурлиги айтилди.
Хўш, аслида мазкур соҳадаги имкониятлари қандай? Бугунги кунда чорвачилик хўжаликлари, ишлаб чиқарувчи тармоқлар қай тарзда иш олиб боряпти? Шу каби саволлар бўйича ҳудуд имкониятлари ва амалга оширилаётган ишларни кўриб чиқамиз. Вилоятда 75 та чарм саноати соҳасида фаолият юритаётган корхоналар мавжуд. Шундан тайёр пойабзал ишлаб чиқарувчи 53 та, терини қайта ишловчи корхоналар 14 та ва 9 та бошқа турдаги чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилда 618 миллиард сўмлик чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Шундан тайёр маҳсулот улуши 69 фоизни, қайта ишлаш даражаси 190 фоизни ташкил этади. Шунингдек, 62 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилган. Ҳозир Зангиота, Тошкент, Бўка ва Қибрай туманларида 13 та замонавий сўйиш корхоналари фаолият юритяпти. Ўтган йили вилоятда 47 минг 701 та йирик шохли, 20 минг 870 та майда шохли ҳайвонлар сўйишга келтирилган бўлиб, терилари 100 фоиз қайта ишлаш учун йиғилган. Президентимизнинг топшириғига кўра, жорий йилда чарм саноати бўйича фаолият юритаётган корхоналар томонидан 759 миллиард сўмлик (ўсиш 136 фоиз) маҳсулотлар ва тайёр маҳсулотлар улушини 75 фоизга етказиш (ҳозир 69 фоиз), 70 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга қилинади. Жойларда 52 миллион долларлик 26 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилади.
Хусусан, Оҳангарон туманида "Tezkor agro mahsulot“ МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 118,6 миллиард сўмлик тайёр чарм-пойабзал ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ”Teri charmsanoat" МЧЖ корхонаси томонидан лойиҳа қиймати 110,3 миллиард сўмлик тайёр чарм, мебель чарм ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилади. Бундан ташқари, чарм-саноати тармоқларини янада ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида Оҳангарон тумани «Убайд» МФЙ ҳудудидаги 40 гектар ва Нурафшон шаҳар «Дагантепа» МФЙнинг 20 гектар ер майдонларида қиймати 43 миллион долларлик 35 та лойиҳалардан иборат янги 2 та кичик саноат зоналари ташкил этилади. Мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли 2026 йилда чарм саноати йўналишдаги корхоналар томонидан 4 триллион 317 миллиард сўм маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Шундан тайёр маҳсулотлар улуши 81 фоизни ташкил этилиши белгиланган. Шу билан бирга, қиймати 64 миллион долларлик 36 та инвестиция лойиҳалари ишга тушириш ва қиймати 210 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга чиқарилиши кутиляпти.

– Президентимизнинг видеоселекторда берган топшириқлардан келиб чиқиб, Тошкент вилояти маҳаллаларида хизматлар соҳасини янада ривожлантириш учун йирик ва майда шохли ҳайвонларни сўйишни янгича технологиялар (сўйиш, терисидан сифатли фойдаланиш) асосида йўлга қўйиш мақсадида 5 та маҳалла танлаб олинди. – дейди вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Нурбек Ражабов. – Хусусан, гастрономик туризм ривожланган Паркент туманининг Улуғбек, Чинор, Ҳуррият ҳамда Чашма маҳаллаларидаги хонадон ва кўча ёқаларида ошхона ва чойхоналар жуда кўп ташкил этилган бўлиб, йил давомида 5-6 мингтага яқин майда шохли ҳайвонлар сўйилади. Бўка туманининг «Қулдоштепа» МФЙда маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар дам олиши учун кўплаб чойхоналар мавжуд. Шу сабабли йил давомида 2 минг 500 ва 3 мингтагача йирик ва майда шохли ҳайвонлар сўйилади. Сўнгги йилларда мазкур ҳудудларда ички туризм ривожланиб, сайёҳлар келиши ортиб боряпти.Шуни эътиборга олиб, мазкур маҳаллаларда йирик ва майда шохли ҳайвонларни сифатли сўйиш ва терисидан оқилона фойдаланиш чоралари кўрилади.
Жойларда хизмат кўрсатувчи кичик ихтисослаштирилган корхоналар ишга туширилиб, йирик ва майда шохли ҳайвонлар терисини қайта ишланади. Чарм-саноат корхоналари билан кооперация алоқалари йўлга қўйилади.
А.Мусаев,ЎзА.