Чарм-пойабзал саноат зоналарини бошқариш дирекцияси ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чарм-пойабзал саноатида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, масъулияти чекланган жамият шаклида Чарм-пойабзал саноат зоналарини бошқариш дирекцияси ташкил этилади.
Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ва Андижон вилояти Шаҳрихон туманларида ташкил этилган чарм-пойабзал саноат зоналари эгаллаган ер участкалари Дирекцияга ижара ҳуқуқи асосида ажратилади ва ушбу ерларни бошқариш функцияси Дирекцияга юклатилади.
Дирекциянинг ягона таъсисчиси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобланади ва Дирекция Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги томонидан ишончли бошқарув ҳуқуқи асосида бошқарилади.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги чарм-пойабзал саноат зонаси ҳамда Сирдарё вилояти Сирдарё туманида жойлашган тери ва жунни қайта ишлаш корхоналари учун замонавий сув тозалаш иншоотларини барпо этишга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан 2026-2027 йилларда 360 миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратилади.
Икки ой муддатда терини қайта ишлаш корхоналарида сув тозалаш иншоотларини халқаро талабларга мослаштириш ва барпо этиш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилиб, унга киритилган лойиҳаларни 2026-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида молиялаштириш бўйича таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгиланган.
Чарм-пойабзал тармоғида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, лойиҳаларда улушдор бўлиб қатнашиш ва айланма маблағларни тўлдириш мақсадларида Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2024 йил 20 майдаги "Чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик тармоқларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-181-сон қарори билан ажратилиши белгиланган 33 миллион АҚФШ доллар миқдоридаги маблағларнинг:
а) 10 миллион АҚШ доллари Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2035 йил 31 декабргача қайтариш шарти билан 2026-2027 йилларда Жамғармага қуйидаги мақсадларда корхоналарга тижорат банклари орқали кредит ажратиш учун йўналтирилади:
инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадлари учун 10 йил муддатга, шундан 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставкада (Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маржаси 3,5 фоиз, банк маржаси 1,2 фоиз ва Агентлик харажатлари 0,3 фоиз);
айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 3,5 фоиз ставкада (Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маржаси 2,5 фоиз, банк маржаси 1,2 фоиз ва Агентлик харажатлари 0,3 фоиз) 36 ой муддатгача;
23 миллион АҚШ доллари Дирекция устав фондига жунни қайта ишлаш ва чарм-пойабзал ишлаб чиқариш лойиҳалари доирасида тадбиркорлар талаблари асосида ишлаб чиқариш бино ҳамда иншоотларини қуриш ва Дирекция билан келишилган график асосида 7 йил муддатгача тадбиркорларга қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш асосида сотиш учун йўналтирилади.
2026 йил 1 июлдан 2029 йил 1 июлга қадар Дирекция ҳамда Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги "Чарм-пойабзал кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси" МЧЖни фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод этилади.
Агентлик Ўзбекистон-Корея ўқув-амалий тўқимачилик технопарки билан биргаликда 2026 йил 1 октябрдан бошлаб ҳудудларда "Дизайнер-модельерлар мактаби", "Маркетологлар мактаби" ва "Технологлар мактаби" тайёрлов курсларини тармоқдаги мутахассис ва ишчилар, касаначи ва косиблар учун даврий равишда ташкил этиб боради.
2026-2027 йилларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ва Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги чарм-пойабзал саноат зоналари ҳамда Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги жун ва терини қайта ишлаш корхоналари учун ташқи муҳандислик- коммуникация инфратузилмаси (йўл, сув, электр ва газ тармоқлари) билан таъминлашга 80 миллиард сўм ажратилади.
ЎзА