Чақмоқ қишлоғилик қатағон қурбони
31 август – Қатағон қурбонлари хотирасини ёд этиш куни
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида қатағон қурбонларини вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида номма-ном аниқлаш, уларнинг ҳаёти ва фаолияти, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш, қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларини чуқур биладиган кишиларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий материаллар, ноёб суратларни тўплаш, шунингдек, қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини илмий тадқиқ этиш, улар ҳақида илмий-тарихий китоблар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилган.
Ана шу вазифалар ижроси доирасида Андижон давлат университети қошидаги “Қатағон қурбонлари хотираси музейи” раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсуддинов ташаббуси билан муҳим ишлар олиб борилмоқда.
Рустамбек Шамсуддинов раҳбарлигида олиб борилган тадқиқотлар, ўрганишлар натижасида нафақат юртимиз, балки собиқ совет иттифоқи таркибига кирган бошқа республикалар архивларида сақланаётган, ҳали кенг жамоатчиликка маълум бўлмаган кўплаб ҳужжатлар ўрганилиб, ноҳақ мудҳиш қатағон даври қурбони бўлган юзлаб юртдошларимиз ҳақида маълумотлар кенг жамоатчиликка эълон қилинди.
Олимнинг саъй-ҳаракати билан Қозоғистон Республикаси Президенти архивида сақланаётган, 1937-1938 йилларда қатағон қурбони бўлган шахсларга оид ҳужжатлар ўрганилди. Ўрганилган ҳужжатлар, отувга ҳукм қилинганлар орасида ўзбекистонлик, ўша пайтдаги Тошкент области, Чирчиқ райони, Чақмоқ қишлоғида туғилган, эндигина 41 ёшни қаршилаган Тошмуҳаммад Соибов ҳам бўлган.
Ҳужжатларда қайд этилишича, Т.Соибов 1938 йил 21 февралида Қозоғистон ССР НКВДси томонидан қамоққа олинган, РСФСР Жиноят Кодексининг 58-, 2-, 8-, 9-, ва 11-бандлари билан айбланиб, НКВДнинг Жанубий Қозоғистон области “Учлиги” томонидан отувга ҳукм қилиниб, ҳукм ўша куни ижро этилган.
1958 йил 15 февралда Туркистон ҳарбий округи, ҳарбий трибунали қарори билан унга тегишли жиноят иши таркибида жиноят бўлмаганлиги учун у реабилитация қилинган.
Т.Соибов анкетаси қуйидаги ёзувлар билан тўлдирилган: Т.Соибов 1898 йил Тошкент области Чирчиқ райони, Чақмоқ қишлоғида туғилган, ўзбек, тўлиқсиз ўрта маълумотли, хизматчи, 1935 йил 15 январдан Қозоғистон Компартияси Сайрам район партия комитетининг биринчи секретари лавозимида ишлаган, яшаш жойи – Жанубий Қозоғистон, Чимкент области, Сайрам райони, Сайрам қишлоғи.
Ҳужжатлар орасида Тошмуҳаммад Соибовнинг 1937 йил 22 декабрда Қозоғистон Компартияси Марказий Комитети биринчи секретари Левон Мирзоян ҳамда Қозоғистон ўлка партия комитетининг иккинчи секретари Содиқ Нурпеисовга йўллаган рус тилидаги хати ҳам бор.
Хатда у ноҳақ ишдан бўшатилгани ва ҳибсга олингани, текширувчилар НКВД, прокуратура ходимлари Куряшов ва Заманбоев томонидан асоссиз айблар билан айбланганлиги, совет ҳукумати учун куну-тун, ҳатто оиласидан хабар олмай ишлаётганлиги баён этилган. Жумладан, мазкур хат қуйидаги баёнлар (русчадан таржима) билан тугатилган:
...“Ўртоқ Мирзоян ва Нурпеисов, мен сизларни ишонтириб айтаманки, агар менинг ишим партиявийча ёки НКВД йўли билан текширилса, менда партиявий характерга эга ва меникидан кам бўлмаган Қозоғистон Республикаси ҳамда Жанубий Қозоғистон областининг барча секретарларида ҳам мавжуд бўлган камчиликлардан бошқа ҳеч қандай жиноят аниқланмайди.
Менинг оилам (хотиним ва икки қизим) юрак хасталиги билан касал. Хотиним икки яшар ўғлимни Чимкент ва Хонкент орасида дафн қилган. Шифокорлар уларни Тошкентда даволатишимни тавсия қилмоқда. Сиздан ўртоқ Отаниёзовга мени Ер-сув ишлари халқ комиссарлигидан таътил олишимга ва Марказий Комитетдан моддий ёрдам олишимга кўмаклашишини буюришингизни сўрайман. Чунки мен Қозоғистонда 3,5 йил район партия комитети секретари лавозимида ишлаб ҳеч қачон таътилдан фойдаланмаганман, оиламни Тошкентда даволатиш ҳақида ўйламоқдаман ва Сизлар Москвадан қайтгунингизча ортга қайтаман.
Илтимос билан (имзо)Т. СОИБОВ)
22/XII-1937 йил”.
Ўзбек тилига таржима қилиниб, илк бор эълон қилинган ушбу мактуб минглаб юртдошларимизни сургун ва ўлимларга гирифтор қилган мудҳиш қатағон даври, ўша даврдаги жирканч сиёсатнинг асл башарасини яна бир бор кўрсатиб беради.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА