"C5+1": рақамли технологиялар кун тартибида
Хабар берганимиздек, Самарқандда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ давлат идоралари вакиллари ҳамда етакчи компаниялар иштирокида "C5+1" форматидаги тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ушбу тадбирлар доирасида рақамли технологияларга бағишланган панель сессияси ташкил этилди.
Унда рақамли трансформация, сунъий интеллектни ривожлантириш, технологик инфратузилмага инвестициялар жалб қилиш ҳамда минтақа компаниялари билан америкалик ҳамкорлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Сессияда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, АҚШ савдо вазири ёрдамчиси Дэвид Фогел, Марказий Осиё давлатлари вакиллари, шунингдек, “Google” ва бошқа халқаро технология компаниялари вакиллари иштирок этди.

Вазир Шерзод Шерматов Ўзбекистонни нафақат минтақавий, балки глобал рақамли иқтисодиётнинг муҳим марказларидан бирига айлантириш асосий мақсад эканини таъкидлади. Бунинг учун инсон капиталини ривожлантириш, ёшларнинг замонавий технологиялар бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда хорижий компаниялар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, халқаро ҳамкорлик орқали янги инвестицияларни жалб қилиш, ахборот технологиялари хизматлари экспортини кенгайтириш ва мамлакатни глобал технологик занжирларнинг фаол иштирокчисига айлантириш режалари қайд этилди.
Шерзод Шерматов Марказий Осиё давлатларининг ўзаро рақобатлашишидан кўра, умумий мақсадлар йўлида ҳамкорлик қилиши муҳимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббуслар бутун минтақанинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Тадбирда Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳасидаги инвестициявий имкониятлари ҳам тақдим этилди. Хусусан, “IT Park Uzbekistan” салоҳияти, хорижий компанияларни жалб қилиш, инновацион тадбиркорликни ривожлантириш ва технологик лойиҳаларни халқаро бозорларга олиб чиқишга хизмат қилувчи “Enterprise Uzbekistan” халқаро рақамли технологиялар марказининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Муҳокамалар якунида рақамли иқтисодиёт, булутли технологиялар, сунъий интеллект ва замонавий технологик кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгиланди. Шунингдек, тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА