Бузилган мулклар эвазига тўланмаган компенсациялар ундирилди
Ҳокимликлар ва тадбиркорлар ўртасида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун айрим турар жой ҳамда савдо объектларини бузиш бўйича шартномалар тузилади. Ушбу шартномаларда бузиладиган мулклар эвазига тадбиркорларга компенсация тўловлари тўланиши белгиланади.
Бироқ, шартнома имзоланиб, тадбиркорларга тегишли мулклар бузилганидан сўнг, айрим ҳолларда ҳокимликлар томонидан келишилган компенсация маблағлари ўз вақтида тўлаб берилмайди. Натижада, тадбиркорлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва компенсация маблағларини ундириш учун судга мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Ана шундай ҳолатлардан бири Сурхондарё вилоятида кузатилди. Хусусан, Шўрчи ва Шеробод туманлари ҳамда Термиз шаҳрида суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш доирасида ҳокимликлардан 15 нафар фуқаро фойдасига жами 1 миллиард 853 миллион сўм компенсация маблағи ундириб берилди.
Жумладан, Шўрчи туманида фуқарога тегишли савдо дўкони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ўзаро келишув асосида буздирилган бўлса-да, тузилган шартномада белгиланган компенсация маблағи ўз вақтида тўлаб берилмаган.
Фуқаронинг судга мурожаати асосида мазкур низо кўриб чиқилиб, унинг фойдасига 219 миллион сўм компенсация ундириш белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси Шўрчи туман бўлими давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида белгиланган маблағ тўлиқ ундирилиб, фуқаронинг мулкий ҳуқуқлари тикланди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА