“Буюк Ипак йўли” мажмуаси – Янги Ўзбекистоннинг стратегик тараққиёт модели ва улкан имкониятлар майдони
Мамлакатимизда шаҳарсозлик, инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада амалга оширилаётган энг йирик ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳалардан бири Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш ташаббусидир.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:

– Давлатимиз раҳбарига тақдим этилган “Буюк Ипак йўли” мажмуаси концепцияси стратегик аҳамиятга эга лойиҳалардан бири ва шу йўналишдаги кенг қамровли режаларнинг узвий қисми ҳисобланади.
Мазкур лойиҳа нафақат шаҳарсозлик, балки маданият, туризм ва маънавий тараққиётни уйғунлаштирган ҳолда амалга оширилаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Янги Тошкент шаҳрини барпо этишнинг биринчи босқичида 6 минг гектар ҳудудда қурилиш ишлари амалга оширилиб, 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма яратилиши режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилганда эса бу ҳудуд 2 миллион аҳоли яшайдиган замонавий мегаполисга айланади. Бу кўрсаткичлар Янги Тошкентнинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақадаги йирик шаҳарлардан бирига айланишини англатади.
Мазкур лойиҳанинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири 32 гектар майдонда барпо этиладиган “Буюк Ипак йўли” мажмуасидир. Унда турар жойлар, тижорат бинолари, меҳмонхоналар, маданият ва таълим муассасалари ҳамда бошқа замонавий инфратузилма объектлари қурилиши кўзда тутилган бўлиб, бу эса ушбу ҳудудни фақат яшаш жойи эмас, балки жамоат ва маданий марказ сифатида шакллантиришга хизмат қилади.
Лойиҳанинг концептуал жиҳати янада чуқур маъно касб этади. Унга кўра, мажмуа ҳудудида Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган турли цивилизацияларни акс эттирувчи мавзули маҳаллалар ташкил этилади. Бу орқали нафақат тарихий мерос тикланади, балки маданиятлар мулоқоти учун замонавий майдон яратилади.
Айниқса, Ўзбекистон маҳалласига алоҳида эътибор қаратилиши лойиҳанинг миллий руҳда шаклланаётганини кўрсатади. Бу ерда ҳар бир меъморий ечим, ҳар бир кўча ва майдон халқимизнинг бой тарихи, маданияти ва қадриятларини акс эттиради.
Лойиҳа доирасида музейлар фаолиятини реновация қилиш, тарихий меросни замонавий форматда намоён этиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Имом Мотуридий зиёратгоҳида янги музей ташкил этиш, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-инновацион музейини бойитиш ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейини замонавий дизайн асосида қайта ташкил этиш режалаштирилган.
Бу ташаббуслар, аввало, миллий тарихимизни чуқур ўрганиш ва уни ёш авлодга етказишга хизмат қилса, иккинчи томондан, мамлакатимизнинг халқаро туризм салоҳиятини янада оширишга замин яратади.
Энг муҳими, “Буюк Ипак йўли” мажмуаси оддий архитектура объекти эмас, балки ўтмиш ва келажакни боғловчи маънавий-маданий платформа сифатида намоён бўлмоқда. У орқали Ўзбекистон ўзининг бой тарихи ва замонавий тараққиётини уйғун ҳолда жаҳонга намоён этади.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Тошкент шаҳри ва унинг таркибий қисми бўлган “Буюк Ипак йўли” мажмуаси – бу шунчаки шаҳарсозлик лойиҳаси эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг стратегик тараққиёт модели, маданият ва цивилизацияларни бирлаштирувчи замонавий макон ва келажак авлод учун яратилаётган улкан имкониятлар майдонидир.
Н.Абдураимова,
ЎзА