Буюк аждодларимиз мероси – маънавий қувват манбаи
Буюк шоир ва мутафаккирлар Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудлари муносабати билан Қашқадарё вилоятининг Қамаши ва Миришкор туманларида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Хусусан, Қамаши туманидаги мусиқа ва санъат мактабида туман маънавият бўлинмаси, мактабгача ва мактаб таълими бўлими, маданият бўлими, ахборот-кутубхона маркази ҳамда 6-сонли мусиқа ва санъат мактаби ҳамкорлигида ўқувчи ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда буюк аждодларимизнинг бой ижодий мероси улуғланиб, Навоий ва Бобур ғазаллари асосида басталанган куй-қўшиқлар, ғазал ва рубоийлар санъат ихлосмандлари томонидан маҳорат билан ижро этилди.


Шунингдек, Миришкор тумани марказида жойлашган 3-сонли мусиқа мактабида ҳам маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги вакиллари, маънавият ва маърифат туман бўлинмаси, маданият бўлими, нуронийлар кенгаши, мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, халқ депутатлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Сўзга чиққанлар Алишер Навоий ижодининг ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни, унинг асарларида мужассам бўлган ватанпарварлик, адолат ва инсонпарварлик ғоялари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганини таъкидлади. Тадбир давомида мусиқа мактаблари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан адабий-бадиий чиқишлар намойиш этилди.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк сиймоларнинг ижодий мероси бугунги авлод учун чин маънода маънавий қувват ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири