Бухоролик пахтакорлар шартномавий режани бажарди
Бухоро вилояти пахтакорлари жорий йилги пахта топшириш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди.
Қабул масканларига 372 минг 300 тоннадан зиёд сифатли хомашё топширилди, унинг асосий қисми юқори навларга сотилди.
Ғўзанинг ҳудуд шароитига мос навларини тўғри танлаб жойлаштириш, оби-тобида экиш мўл ҳосилга қўйиладиган талаблардан биридир. Жорий йилда 3 минг 246 та фермер хўжаликлари 85 минг гектар майдонга чигит экилди. Ғўзани навлар бўйича жойлаштиришда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, сув таъминоти ҳамда соҳанинг етакчи олим ва мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, кластер корхоналари таклифлари инобатга олинди.

Ғўзанинг “Бухоро-6”, “Бухоро-8”, “Бухоро-10”, “Бухоро-102” навлари экилиб, агротехник тадбирларга муҳим эътибор қаратилди. Шунингдек, бу йил вилоятда Хитойнинг “Шинжон-Уйғур” пахтачилик тажрибасидан ҳам унумли фойдаланилди.
Ғўза парвариши ҳам муҳим жараён бўлиб, бу ишлар илғор тажрибалар асосида тизимли ташкил этилди. Кластер корхоналари томонидан минерал ўғитлар захирасини тўлиқ яратилганлиги ҳамда фермер хўжаликларига вақтида узлуксиз етказиб берилиши ўз самарасини берди. Инновацион усул суғориш тизимида ҳам синовдан ўтказилди. Аксарият майдонларда томчилатиб, шунингдек, тупроқ шароити сувни кўп сарф қилинадиган майдонларда эгилувчан қувурлар орқали суғориш жорий этилди.

Терилган пахтани тайёрлов пунктларига ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш мақсадида зарур техника воситалари жалб этилди. Ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш учун 2 минг 310 та терим отряди ташкил этилди. Терилган хомашёни қабул масканларига етказиб бериш учун 2 минг 520 та трактор ва 3 минг 270 та тиркама жалб қилинди. Шунингдек, бу йил вилоят пахта далаларида 120 дан ортиқ терим машиналари ишлади.

Теримда ёнилғи маҳсулотлари таъминотида узилиш бўлмаслиги учун керакли даражада захира яратилди. Шунингдек, ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини бевосита даланинг ўзига етказиб бериш учун ёнилғи тарқатиш агрегатлари ишга тўлиқ шай қилиб қўйилди. Бахтсиз ҳодисалар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида ёнғин ва техника хавфсизлиги бўйича зарур чоралар кўрилди.
Зариф Комилов, ЎзА