Бухорода ННТлар кўчат экди
Бухоро вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўплаб хайрли тадбирлар ўтказилмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ННТ ва фукаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги ННТ ва дўстлик уйида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари, ННТ ва вилоятдаги миллий маданий марказлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

–Вилоятда фаолият олиб бораётган 600 га яқин ННТлар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ижтимоий шериклик комиссияси раиси Абира Ҳусейнова. – Шунингдек, жорий йилда эълон қилган давлат грантларида ҳам мазкур йўналишда мавзулар эълон қилинган эди. Ғолибликни қўлга киритган ННТлар ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тадбирларни амалга оширмоқда.

– Бугун экилган кўчатлар кун келиб бўй чўзади, – дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти раиси Шаҳодат Ихтиёрова. –Албатта, унинг соясидан ва мевасидан келажак авлод баҳраманд бўлади. Лойиҳа доирасида бизнинг ташкилотимиз ҳам кўплаб хайрли тадбирларга қўл урмоқда.

“Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида Дўстлик уйи олдидаги боғда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бундай тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА