Бухорода МИБ ходими калтакланди
Мажбурий ижро бюроси томонидан 40 дан ортиқ йўналиш бўйича ҳужжатларнинг ижроси таъминланади.
Булар орасида энг мураккаб ишлардан бири бу фарзандни онаси ёки отаси тарбиясига олиб бериш масаласидир. Чунки фарзандни ўз тарбиясига олишни хоҳлаган ва суд қарори бўлган онага ота ҳам шунчаки фарзандини бергиси келмайди. Ўзаро муросага бормайди.
Бироқ, бюро қарорларини ижро этишда тўсқинлик қилувчи бошқа омиллар бўлмаса, у албатта ижро этилади. Аслида, мажбурий ижро ҳаракатлари “қонунга итоаткорлик”, “қонунни ҳурмат қилиш ва сўзсиз риоя этиш” каби принциплар асосида амалга оширилмоқда.
Ислоҳотлар айрим фуқароларимизга ҳали ҳам етиб бормаган, улар қонунларни ҳурмат қилиш ва уларга риоя қилишни ўргана олмаяпти. Бухоро вилоятида ана шундай фуқаролардан бири МИБ ходимини калтаклаб унга жиддий тан жароҳати етказди.
Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримига асосан қарздор З.А.дан вояга етмаган болани фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилгунга қадар онаси тарбиясига олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати бюронинг Қоракўл тумани бўлими иш юритувига келиб тушган.
Бўлим давлат ижрочиси мазкур ижро ҳужжати мазмун-моҳиятини қарздорга таништириш мақсадида унинг уйига борган вақтда, қарздор ҳужжатлар билан танишиш ўрнига, давлат ижрочисини ҳақоратлаб, унинг юз қисмига қўллари билан уриб, унга тан жароҳати етказган.
– Тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келган вақтда ҳолатим яхши бўлмагани учун тиббиёт марказига олиб кетишди, – дейди жабрланувчи. – Бурун суяги синиши ташхиси билан 5 кун давомида даволандим. Ҳозирда соғлигим қисман тиклангани учун ишга чиқдим.
Афсуски кейинги пайтларда хизмат вазифасини бажараётган суд ижрочиларига нисбатан бу каби тажовузкорлик ҳолатлари кўп учрамоқда. Хўш, шундай вазиятда ижрочи ўзини ҳимоя қилиши мумкинми. Унга нисбатан тажовуз юз берганда ходим қандай йўл тутиши керак.
– Қарздорга нисбатан тажовуз қилиш, ёки унга бир жисмонан зўрлик ишлатишга ваколат йўқ, – дейди жабрланувчи. – Бу қатъиян тақиқланган. Ўзимизни ҳимоя қилишимиз мумкин. Унда ҳам қарздорга жисмоний куч ишлатмаган ҳолда.
Биз билан суҳбатда бўлган ижрочилар бу каби ҳолатларнинг келиб чиқишига улар хизмат вазифасини ўташи чоғида хизмат либосида бўлмаслиги, жавобгар томон кўп ҳолларда уларни давлат хизматчиси сифатида қабул қилмаслигини ҳам сабаб бўлаётганини айтди.
–Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Қоракўл тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, – дейди Қоракўл тумани прокурори ўринбосари Акром Абдуллаев. – Гумонланувчига нисбатан қамоқ билан боғлиқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА