Бухорода боксчи қизлар сараланди
Бухорода 2004 ва 2005 ҳамда 2006-2007 йилларда туғилган боксчи қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати якунланди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 200 нафарга яқин спортчилар иштирок этган мусобақалар 28 та вазн тоифасида бўлиб ўтди.

Чемпионат давомида шунингдек, Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан ёш ҳакамлар учун назарий ва амалий семинар ташкил этилди. Семинар машғулотларини IBA рефериси Александр Ҳамидов ҳамда тажрибали бокс мутахассиси Мирсолиҳ Сагатов олиб боришди.
Семинар машғулотларида 35 нафарга яқин бокс ҳаками ва мусобақа расмийси бўлиш истагидаги ёш мутахассислар қатнашишди.

Ўзбекистон чемпионатининг якунига кўра, 5 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза, жами 9 та медалга эга чиққан Жиззах вилояти жамоаси умум жамоада 1-ўринни эгаллаган бўлса, 4 та олтин, 6 та кумуш, 8 та бронзани қўлга киритган Фарғона вилояти 2-ўринни, 3 та олтин, 5 та кумуш ва 7 та бронзали бўлган наманганликлар 3-ўриндан жой олди.
Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Семинардан муваффақиятли ўтган ёш мутахассисларга сертификатлар тақдим этилди.
Т. Рўзиев, ЎзА