Бухоро жамоаси Россия робототехника олимпиадасида кучли ўнликдан жой олди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жорий йилнинг 1–3 июль кунлари Россия Федерациясининг Оренбург шаҳрида робототехника соҳасидаги нуфузли халқаро тадбирлардан бири — Россия робототехника олимпиадаси (РРО–2026) бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилояти вакилларидан иборат делегация юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Делегация таркибидан 10 нафар мактаб ўқувчиси ҳамда Бухоро давлат университетининг 2 талабаси ўрин олди. Улар “RobotsAndMe” ўқув маркази ва Бухоро давлат университети номидан жами 7 жамоа таркибида турли йўналишларда иштирок этди.
Мазкур ёшлар робототехника соҳасида бир неча йилдан буён мунтазам билим олиб келаётган, республика ва минтақавий босқичларда юқори натижаларни қўлга киритган иқтидор эгаларидир. Улар мамлакатимизда ўтказилган қатор нуфузли чемпионат ва танловларда ғолиб ҳамда совриндор бўлиб, халқаро майдонда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.
Россия робототехника олимпиадаси ҳар йили турли мамлакатлардан юзлаб иқтидорли ёшларни бир майдонга жамлайдиган йирик мусобақа ҳисобланади. Унда иштирокчилар роботларни лойиҳалаш, дастурлаш, техник муаммоларга ечим топиш, муҳандислик ғояларини ишлаб чиқиш ва жамоавий ишлаш кўникмалари бўйича беллашади.
[gallery-30310]
Бухоро вилояти вакиллари учун мазкур олимпиада халқаро майдондаги илк йирик синов бўлди. Шунга қарамай, ёшлар ўз билими, амалий кўникмаси ва тайёргарлик даражаси билан муносиб иштирок этди. Совринли ўринлар қўлга киритилмаган бўлса-да, Бухоро жамоалари кучли рақобат муҳитида барча йўналишлар бўйича баҳс олиб бориб, кучли ўнликдан жой олишга муваффақ бўлди.
Мусобақа давомида иштирокчиларнинг тиришқоқлиги, интизоми, масъулияти ва янгиликка интилиши алоҳида эътироф этилди. Роботларни яратиш ва дастурлаш бўйича тақдим этилган лойиҳалар, техник ечимлар ҳамда амалий билимлар ҳакамлар ҳайъати, мусобақа ташкилотчилари ва халқаро экспертлар томонидан муносиб баҳоланди.
Шунингдек, олимпиада ёшларга турли давлатлардан келган тенгдошлари билан тажриба алмашиш, замонавий технологиялар билан танишиш ва робототехника соҳасидаги янги тенденциялар ҳақида билимларини бойитиш имконини берди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай халқаро мусобақаларда иштирок этиш ёшларда техник билим ва кўникмалар билан бирга жамоада ишлаш, муаммоларга тезкор ечим топиш, танқидий фикрлаш ва инновацион ёндашувларни қўллаш каби муҳим компетенцияларни ҳам шакллантиради.
Маълумот учун, “RobotsAndMe” ўқув марказида робототехника, дастурлаш ва муҳандислик йўналишларида халқаро стандартлар асосида таълим бериш йўлга қўйилган. Марказда ёшларнинг замонавий технологияларни чуқур ўзлаштириши, амалий лойиҳалар устида ишлаши ва халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА