Бухоро вилоятида иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатлари сақланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди. Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни фаол жалб этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини бермоқда.
Ҳисобот даврида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 44,7 триллион сўмни ташкил этиб, иқтисодий ўсиш суръати 108,8 фоизга етди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 26,3 триллион сўм, хизматлар ҳажми 25,5 триллион сўм, қурилиш ишлари эса 10,9 триллион сўмга етди.
Вилоятда иқтисодий фаолликни оширишга қаратилган 46 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Уларни муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш учун давлат томонидан 97,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 17 та туну-кун фаолият кўрсатувчи хизмат кўрсатиш кўчаси, 11 та соҳил бўйи дам олиш ҳудуди, 4 та замонавий йўл бўйи сервис мажмуаси ва бир қатор янги туризм объектлари барпо этилди.
Амалга оширилган лойиҳалар доирасида 727 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 6 мингдан ортиқ аҳоли доимий иш ўринлари билан таъминланди.
[gallery-30745]
Биринчи ярим йилликда иқтисодиётга 1 миллиард 937 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилиниб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 1,6 баробарга ошди. Шунингдек, 175 та янги инвестиция лойиҳаси ишга туширилди.
Хитой Халқ Республикаси билан умумий қиймати 2,3 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция келишувларининг имзоланиши вилоятда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва иқтисодий ўсиш суръатларини янада жадаллаштириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Йил якунига қадар экспорт ҳажмини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини тўлиқ қувватда ишга тушириш ва хизматлар соҳасини янада ривожлантириш устувор вазифалар этиб белгиланган. Бу ишлар вилоятнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА