Бутунжаҳон мероси конвенцияси Бош ассамблеяси сессияси
Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Бутунжаҳон мероси конвенциясининг Бош ансамблеяси 25-сессияси ўз ишини бошлади.
Унда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазаре Элоундоу Ассомо, ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм масалалари департаменти директори, Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари Гаяне Умерова сессия раиси этиб сайланди.
Гаяне Умерова сессия кун тартиби ва унда муҳокама этиладиган масалалар ҳақида маълумот бериб, Бутунжаҳон мероси конвенциясининг Бош ансамблеяси 25-сессияси илк бор икки босқичда ўтаётганини таъкидлади. Яъни сессия бугун, 11 ноябрь Самарқандда ўз ишини бошлади ва унинг якуни икки ҳафтадан сўнг, 24-25 ноябрь кунлари Парижда, ЮНЕСКО бош штаб квартирасида ўтказилади.
Бутунжаҳон мероси конвенцияси ЮНЕСКОнинг энг муҳим халқаро ҳужжатларидан бири бўлиб, унинг асосий мақсади инсоният учун муҳим бўлган маданий ва табиий меросни аниқлаш, муҳофаза қилиш ва авлоддан-авлодга етказишдан иборат. Бутунжаҳон мероси конвенцияси Бош ассамблеяси Конвенциянинг ижросини таъминловчи асосий тузилмалардан бири ҳисобланади. Унинг сессиялари ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиялари билан бир вақтда, икки йилда бир марта ўтказилади.
[gallery-26174]
Бош Ассамблея Бутунжаҳон мероси тизимининг сиёсий ва ташкилий асосини таъминлайди ва у давлатлар ўртасида тенг ҳуқуқли мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади. Конвенция мақсадларига эришишда шаффофлик ва жавобгарликни таъминлайди. ЮНЕСКО доирасида маданий ва табиий меросни ҳимоя қилиш бўйича умумжаҳон сиёсатини шакллантиради.
Сессияда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазаре Элоундоу Ассомо сўзга чиқиб, Конвенция талабларини бажариш борасида дунё давлатларида олиб борилаётган ишлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалаларга тўхталди.
Ғ.Ҳасанов,А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари