Бутунжаҳон космос ҳафталиги: Ўзбекистон космик салоҳиятини намоён этмоқда (+Видео)
Ҳар йили 4–10 октябрь кунлари Бутунжаҳон космос ҳафталиги нишонланади. Бу сана космик фан ва технологияларни оммалаштириш, уларнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган.
Бу йил ҳам ҳафталик доирасида Ўзбекистонда космик соҳага оид турли тадбирлар, учрашувлар ва маърифий лойиҳалар ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистонда ҳам бу йўналиш сўнгги йилларда изчил ривожланмоқда. Космик соҳани бошқариш ва ривожлантириш бўйича ҳуқуқий асослар шакллантирилиб, давлат космик мониторинги тизими кенгаймоқда. Бугун 10 дан ортиқ давлат идораси ва барча ҳудудий ҳокимликлар космик маълумотлардан фойдаланмоқда. Ерни масофадан зондлаш маълумотларига бўлган талабнинг сўнгги беш йилда уч баробар ошгани ҳам соҳанинг амалиётдаги аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Бу жараёнда Ўзбекистоннинг халқаро космик майдонда ўз ўрнини топиши ҳам муҳим. Айниқса, 2026 йил 5 августда орбитага чиқарилган «Самарқанд-2028» гиперспектрал сунъий йўлдоши бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Хитойнинг STAR.VISION компанияси томонидан ишлаб чиқилган мазкур сунъий йўлдош халқаро лойиҳа асосида яратилган. Унинг яна бир муҳим жиҳати — ўзбек муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган сунъий интеллект модули сунъий йўлдош бортига интеграция қилингани. Яъни, маълумотларнинг бир қисми Ерга юборилишидан олдин тўғридан-тўғри орбитада қайта ишланади.
«Самарқанд-2028» номи эса тасодифий эмас. У 2028 йилда Самарқандда ўтказиладиган Халқаро астронавтика конгресси билан бевосита боғлиқ. Ўзбекистон мазкур нуфузли анжуманга мезбонлик қилиши мамлакатнинг космик салоҳиятини жаҳонга намойиш этиш учун катта имконият беради.
«Самарқанд-2028» лойиҳасининг аҳамиятини «Ўзбеккосмос» агентлиги бўлим бошлиғи Ҳумоюн Акбаров ҳам таъкидлади:
— Бу, биринчи навбатда, стратегик аҳамиятга эга конгресс. У мамлакатимизнинг космик соҳадаги салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этиш ва Ўзбекистонни глобал космик ҳамжамиятнинг фаол иштирокчиси сифатида танитиш имконини беради. Қолаверса, хорижий космик компаниялар, илмий марказлар ва инвесторлар билан янги лойиҳаларни йўлга қўйиш, технология ва билимлар алмашинувини кучайтириш учун ҳам катта платформа яратади. «Самарқанд-2028» сунъий йўлдошининг номи ҳам шу конгресс билан бевосита боғлиқ. Бугун «Самарқанд-2028» номи нафақат Ерда, балки орбитада ҳам мавжуд.
Халқаро майдондаги бу қадамлар билан бир қаторда, Ўзбекистонда миллий сунъий йўлдошсозлик мактабини шакллантиришга ҳам асос солинмоқда.
Шундай лойиҳалардан бири — «Мирзо Улуғбек». У Ўзбекистоннинг биринчи миллий илмий сунъий йўлдоши бўлиб, «Ўзбеккосмос» агентлиги муҳандислари томонидан Япониянинг “Kyushu Institute of Technology” институти билан биргаликда яратилмоқда. 6U CubeSat платформасига мансуб ушбу аппарат илмий тадқиқотлар, Ерни масофадан зондлаш бўйича тажрибалар ўтказиш ва миллий мутахассисларнинг амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилади. Уни 2028 йил январь ойида орбитага чиқариш режалаштирилган.
Дарҳақиқат, бугун космосга қизиқишни ёшликдан шакллантиришга қаратилган дастурлар кўпаймоқда. Робототехника, дастурлаш, астрономия ва муҳандислик бўйича таълим дастурлари орқали келажакда космик соҳада ишлайдиган мутахассислар захираси яратилмоқда.
Бу ишлар биринчи миллий сунъий йўлдош, «Самарқанд-2028» лойиҳаси ва 2028 йилдаги Халқаро астронавтика конгресси билан бир-бирига узвий боғланган. Бир томонда — халқаро космик майдонда Ўзбекистоннинг мавқеини мустаҳкамлаш, иккинчи томонда эса бу соҳада ўз технологияси ва кадрларини яратиш мақсади турибди.
Н.Раҳмонова,
С.Обиджонов (монтаж), ЎзА