Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси — Марғилоннинг янги сайёҳлик маркази
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан аталган замонавий туризм маркази барпо этилди. Миллий мерос ва замонавий ёндашув уйғунлашган мазкур йирик лойиҳа ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
35 гектар майдонни эгаллаган мажмуада қатор маданий ва туристик объектлар қад ростлади. Жумладан, илмий-амалий марказ, “Отабек ва Кумуш уйи” музейи, ҳунармандлар расталари, карвонсаройлар, тарих музейи, шарқона бозор, мақом театри ҳамда амфитеатр ташкил этилди.
Шунингдек, ҳудудда сунъий кўл, мусиқали фавворалар, кўкаламзор майдонлар, дам олиш масканлари, меҳмонхоналар ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо қилинди. Лойиҳа шарқона меъморчилик анъаналари асосида ишлаб чиқилиб, уни амалга оширишда туркиялик архитекторлар иштирок этди.
Мазкур марказ нафақат сайёҳлик маскани, балки маънавий-маърифий аҳамиятга эга мажмуа сифатида ҳам эътиборга молик. У ерда Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилган.
[gallery-29100]
“Отабек ва Кумуш уйи” музейида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари саҳналари бадиий ифода этилган бўлиб, адабиёт ва тарих уйғунлигида ўзига хос муҳит яратилган. Шу билан бирга, мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони ҳамда кутубхона ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Келгусида мажмуа ҳудудида бизнес марказ, 1500 ўринли масжид, замонавий меҳмонхоналар, 400 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси ҳамда 300 ўринли бозор барпо этилиши режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига 200–250 минг нафар хорижий сайёҳни жалб этиш имконияти яратилади.
Марғилонда барпо этилган ушбу мажмуа қадимий шаҳар қиёфасини сақлаган ҳолда, унинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА