«Бунёдкор» ғалаба қозонди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 22-туридан ўрин олган икки учрашув якунланди.
Тошкентда «Бунёдкор» 2:1 ҳисобида «Бухоро»ни мағлуб этди. Учрашувнинг 8-дақиқасида Шаҳзоджон Неъматжонов мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 34-дақиқада Темур Мамасиддиқов мувозанатни тиклади. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Абдулҳамид Икромов «қалдирғочлар»га ғалаба келтирган голни урди.
Шу билан «Бунёдкор»нинг Суперлигадаги 11 учрашувдан иборат мағлубиятли сериясига чек қўйилди. «Қалдирғочлар» чемпионатда сўнгги бор 29 апрель куни «Навбаҳор» устидан ғалаба қозонган эди.
Ғузорда ўтказилган «Машъал» — «Пахтакор» баҳсида 1:2 ҳисоб қайд этилди. Пойтахт жамоаси таркибида Фламарион 51 ва 77-дақиқаларда гол уриб, дубль қайд этди. Мезбонларнинг ягона голига эса Ҳумоюн Муртазоев муаллифлик қилди.
22-тур доирасида бугун яна тўртта учрашув ўтказилади. Унда «Андижон» — «Насаф» (17:15), «Сурхон» — «Қўқон-1912» (18:00), «Сўғдиёна» — ОКМК (19:00) ҳамда «Локомотив» — «Нефтчи» (19:30) жамоалари майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА