Булоқбошида қабристонлар обод бўлмоқда
Қабристон нафақат инсоннинг сўнгги борар манзили, балки ўзлигини англаш, қалбида аждодларга ҳурмат, меҳр-оқибат туйғуларини шаклланишида муҳим аҳамият касб этадиган муқаддас маскан ҳисобланади. Шу боис ҳам халқимиз қадим-қадимдан қабристонни табаррук билиб, уни обод қилишга алоҳида эътибор қаратади.
Булоқбоши туманида дафн этиш жойлари, яъни қабристон ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, атроф деворларини янгилаш, чироқлар ўрнатиш, кўкаламзорлаштириш ишлари намунали тарзда амалга оширилмоқда.
– Тумандаги мавжуд қабристонларни сақлаш, ободонлаштириш, янада файзли гўшага айлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди Булоқбоши тумани ҳокими Ўткирбек Маъмуров. – Бу орқали поклик, саранжом-саришталик таъминланмоқда, қолаверса, халқимиз, айниқса, ёшлар онгида аждодлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром туйғулари мустаҳкамланмоқда.
Жорий йил эрта баҳордан туманнинг Қашқар маҳалласидаги “Найман”, “Пахтаобод”, Ширмонбулоқ маҳалласидаги “Ширмонбулоқ”, Учкўча маҳалласидаги “Ғиштхона”, “Абдурайим ота”, Буюк Турон маҳалласидаги “Бўталоқ ҳожи” қабристонларининг атроф деворлари қайтадан цемент ғишт билан ўраш, тунги чироқлар ўрнатиш, дафн этиш жараёнида фойдаланиладиган жиҳозларни сақлаш учун алоҳида омборхоналар, қуръон тиловат қилиш учун махсус жойлар барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Юқоридаги каби ҳайрли ишлар туман ҳокимлиги, ҳомийлар маблағлари ҳисобидан, шунингдек, ҳашар орқали аҳоли томонидан амалга оширилмоқда.
[gallery-6665]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА